Эътирозларга сабаб бўлган қонун лойиҳаси қўмитага қайтарилди

22.04.2021 09:04:15

Қуйи палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг алоҳида моддаси фракция аъзоларининг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди.

Гап лойиҳадаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган норма ҳақида бормоқда. Қонун лойиҳасида электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни (МЖтК 101-модда) кўриб чиқиш ваколатини Мажбурий ижро бюросидан ички ишлар органларига ўтказиш масаласи фракция аъзоларининг танқидига учради.

Фикримизча, Президентимизнинг 2021 йил 26 мартда ҳамда 2 апрелда қабул қилинган тегишли Фармони ва қарорида соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига бериш масаласи кўрсатилмаган. Аксинча, мазкур ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш борасида профилактика ишларини олиб боришлари лозимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги Фармонида ҳам ички ишлар профилактика инспекторларига хос бўлмаган функцияларни юкламаслик белгиланган.

Қолаверса, ички ишлар ходимлари мутахассис бўлмаганлиги боис, улар юқорида санаб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш давомида қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракция аъзолари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига ўтказиш билан боғлиқ нормани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлашни таклиф қилди.

Фракциямизнинг мазкур таклифи мажлисда кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Овоз бериш натижаларига кўра, ушбу модда қабул қилинмади ва қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун масъул қўмитага қайтарилди.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+