Фракция аъзоларининг танқидига нима сабаб бўлди?

15.10.2021 20:10:44

2021 йил 15 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил 9 ойида бажарилиши тўғрисида”ги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, дастур ижросини доимий мониторинг қилиб бориш, режаларнинг вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ҳамда идоралараро Мониторинг-таҳлил кичик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган, аниқ назорат режаси асосида масъул шахсларнинг шахсий жавобгарлиги аниқ белгиланган, айниқса, Давлат дастури ижросини ҳар ойлик назорат қилиш механизмлари амлиётга жорий этилган.

Давлат дастури ижросининг сифатли бажарилишига Вазирлар Маҳкамаси алоҳида эътибор қаратиб келаётгани ва Ҳукумат томонидан вазифалар назоратини олиб бориш ва кўмаклашишга қаратилган тизим яратилганлиги депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Депутатлар бажарилиш муддатлари кечикаётган бандларга алоҳида эътибор қаратиб, ижроси кечикаётган ёки муддати узайтирилган бандлар давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этдилар.

Шунингдек, дастурнинг 189-бандида Республикадаги гемодиализ муолажасига муҳтож беморларни тиббий хизмат билан бепул қамраб олиш вазифаси ҳам депутатлар диққат марказида бўлди. Вазифа ижроси доирасида гемодиализга муҳтож беморларнинг йиллик 20 фоизга ўсишини ҳисобга олган ҳолда, 5 мингдан ортиқ беморни бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиш, хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида режа бўйича 2021 йилда 100 та сунъий буйрак аппарати, 33 та сув тозалаш мосламаси, 44 та миксер, 665 280 та комплект диализатор ва унга мос равишда бошқа сарфлов воситалари харид қилиш назарда тутилган вазифа бугунги кунда ҳали якунига етмагани танқидга сабаб бўлди. Бугун мазкур масала ўта долзарблигидан келиб чиқиб, вазифанинг ижросини тезлаштириш таклифи илгари сурилди.

Йиғилишда фракция депутатлари томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш лозимлиги айтиб ўтилди. Бунда масъул идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари ушбу дастур аввало фуқароларни рози қилиш ва мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қаратилганлиги нуқтаи назаридан ёндашишлари зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+