Фракция ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга оширади

29.01.2021 15:01:32

Бугун мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни талаб юқори бўлган касб-ҳунар бўйича ихтисослаштириш, улар ҳаётида назария билан бирга амалиётни тенг олиб бориш долзарб аҳамиятга эга. Айни пайтда Тошкент шаҳрида 77 мингта бўш иш ўрни бор бўлиб, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмайди, лекин ҳудудаги 26 минг ёшлар ишсиздир. Куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишда Президентимиз ушбу масалалар билан бирга ёшлар бандлигини таъминлаш уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида тўхталганлиги бежиз эмас.

2021 йилнинг 28 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб айни юқорида таъкидланган давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишининг мазмун-моҳияти ва белгилаб берилган вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим масала. Мамлакатимизда болалар ва ёшлар манфаатларига оид 20 дан ортиқ қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30 дан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 50 дан ортиқ қарори ҳамда 200 дан ортиқ идоравий ҳужжатлар қабул қилинган. Бундан ташқари, Олий Мажлис томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид 10 га яқин халқаро шартномалар ратификация қилинган.

Фракция депутатлари танқидий-таҳлилий руҳда бўлиб ўтган Президентимиз раислигидаги видеоселектор йиғилишининг муҳим жиҳатлари сифатида – масаланинг долзарблигини тилга олди. Хусусан, ёшларга оид муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилгани ижобий баҳоланди. Унга мувофиқ, ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари – бандлик масалаларига; солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари – ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга; ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга; туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлиши белгилангани стратегик аҳамиятга эга дея баҳоланди. Чунки, ёшлар масаласида фикр юритганда давлат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир киши ўз онгида масъулиятни ҳис этиши зарурдир.

Депутатлар таъкидлаганидек, ёшлар масаласи доимо давлатимиз сиёсатининг муҳим жиҳати дея қаралган. Хусусан, Президентимиз ҳудудларга ташрифларида бир неча бор иқтисодиётнинг ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини яратиш бўйича ҳам топшириқлар берилган эди.

Айтиш жоизки мамлакатимизда барча ёшларни олий маълумотга эга бўлиши мураккаб масала. Бугунги кунда битирувчи ёшларимизнинг ўртача 20-25 фоизи олий таълим муасасаларига қамраб олинаётганини ҳисобга олсак, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш масаласи ўта долзарблигича қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб фракция йиғилишида депутатлар “Адолат” СДП мақсад ва ғояларидан келиб чиқиб мамлакатимизда касбий хунар таълимни ривожлантириш ва мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш, касб-хунар таълим бериш тизими ва мавжуд муассасаларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш масалаларига эътибор бериш зарурлигини айтиб ўтишди.

Шунингдек, ёшларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш билан бирга аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳам муҳим вазифа сифатида баҳоланди. Айниқса, жорий вазифалар сифатида мамлакатда спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 25 фоизга, унда ёшлар қамровини эса 20 фоизга етказиш айни мудаодир дея этироф этилди.

Шу билан бирга иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳаси амалиётга жорий этилиши, унинг доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари каби соҳалардаги ғояларини рўёбга чиқариш учун шароит яратилиши муҳим аҳамият касб этади.

Фракция аъзолари ушбу вазифаларни бажаришда мутасадди ва масъулларга амалий кўмак кўрсатишлари, бунда партия ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан тизимли иш олиб бориш зарурлиги бўйича ўз олдига вазифаларни белгилаб олдилар.

Йиғилишда муҳокама этилган  масалалар бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+