Фракциянинг қонун лойиҳасидаги нормани рад этиш таклифи қабул қилинди

19.04.2021 15:04:27

 

Қонунчилик палатаси муҳокамаси учун киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “Адолат” СДП фракцияси томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган бўлса-да, бироқ унинг алоҳида моддаси  фракция аъзоларининг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди. Натижада фракциянинг ушбу моддани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш ҳақидаги таклифи Қонунчилик палатасида қўллаб-қувватланди.

Гап қонун лойиҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган норма  ҳақида бормоқда. Қонун лойиҳасида электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш  билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни
(МЖтК 101-модда) кўриб чиқиш ваколатини Мажбурий ижро бюросидан ички ишлар органларига ўтказиш масаласи фракция аъзоларининг танқидига учради.

Фракция аъзоларининг фикрича, жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғpиcидa” Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига бериш масаласи кўрсатилмаган. Аксинча, мазкур Фармон ва Қарор талабларидан келиб чиқиб, ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш борасида профилактика ишларини олиб боришлари лозимлиги қайд этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармонида ҳам ички ишлар профилактика инспекторларига хос бўлмаган функцияларни юкламаслик белгиланган.

Қолаверса, ички ишлар ходимлари мутахассис бўлмаганлиги боис, улар юқорида санаб ўтилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш давомида қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин. Бундан ташқари, ушбу норма келгусида тизимда коррупциявий ҳолатларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, фракция аъзолари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатини ички ишлар органларига ўтказиш билан боғлиқ нормани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлашни таклиф қилди.

“Адолат” СДП фракциясининг мазкур таклифи жорий йилнинг
19 апрель куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Овоз бериш натижаларига кўра ушбу модда қабул қилинмади ва қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун масъул қўмитага қайтарилди.

 

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+