Фуқароларнинг мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир

27.11.2020 12:11:31

Бош қомусимиз қабул қилинганига бу йил 28 йил тўлади. Айтиш керакки, мамлакатимизнинг Асосий Қонуни барча соҳадаги ислоҳотларни амалга ошириш, юртимизнинг бугунги юксак тараққиётини таъминлаш, умуммиллий ҳамда умуминсоний қадриятларимизни ўзида мужассам этган тарихий ҳужжатдир.

Соҳибқирон Амир Темур “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эди. Ҳақиқатан ҳам шундай. Тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйган мамлакатимизда Бош қомусимиз барча саъй-ҳаракатларимизнинг дастуриламалига айланди, десак тўғри бўлади. Хусусан, Конституциямизнинг 53-моддасида фуқароларнинг мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва доим давлат ҳимоясида бўлади, дея қатъий белгиланган.

Бу фикрнинг амалий исботи сифатида, яъни тадбиркорлик, мулк масаласида Асосий Қонунимизда белгиланган ушбу норма ҳаётда ўзининг исботини топаётганига қуйидагиларни келтириб ўтиш жоиздир. Жумладан, кейинги 4 йилда миллий валютамиз — сўмнинг эркин конвертациясига йўл очилди. Божхона тўловлари ставкалари 2 баробар пасайтирилди, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди.

Шунингдек, тадбиркорлик йўлидаги ортиқча чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувини қатъий чеклаш борасида салмоқли ишларга қўл урилди. Мисол учун, коррупцияга йўл очиб бераётган ер ажратиш амалиёти тубдан ислоҳ қилинди. Бу жараён эндиликда ер ажратиш электрон тизими орқали амалга оширилмоқда. Эътибор берадиган бўлсак, бу ўзгариш ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадамлардан бири бўлди.

Бундан ташқари, ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби, ер фақат мулк эгасининг розилиги билан олинишига оид қоидалар жорий қилинди. Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларга амал қилмаган мансабдор шахсларга нисбатан, улар қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик кучайтирилди.

Сир эмас, тадбиркорларга ер беришда шу кунга қадар турли ечимини кутаётган масалалар мавжуд эди. Яъни амалда ҳокимлар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни ўзлари қабул қилар, вақти келганда эса, уларни ўзлари бекор қилиши ҳам мумкин эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ана шу ваколатга чек қўйилди. Бундай масалалар энди фақат суд тартибида ҳал қилинадиган бўлди.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциявий норма асосида қабул қилинган ушбу Фармонда сўнгги вақтларда мулк дахлсизлигига соя солаётган ҳолатларга барҳам берилди. Яъни Фармонга кўра, Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, фаолиятимиз дастуриламали бўлган Конституциямизда мулк ҳуқуқига устувор аҳамият қаратилгани бежиз эмас. Негаки, унинг қатъий ва ўзгармас қоида сифатида белгилангани тадбиркорлар ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишининг кафолатидир. Қолаверса, бу хусусий мулкнинг самарали фаолияти учун қулай шароитларни яратади, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

 

Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+