Ғаллачиликда бозор механизмларининг янги босқичи

16.05.2022 11:05:37

Ғалла нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, у аввало ризқ-рўзимиз ҳамдир. Дастурхон кўрки бўлган нон тириклик манбаи ҳисобланади.Чунки нонсиз бирорта таомни танаввул қила олмаймиз. Шунинг учун ҳам фаровонлигимиз асосини дон ташкил этади. Дони мўл элдан қут-барака ва файз аримайди.

Куни кеча давлатимиз раҳбари ҳузурида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда фермерлар анчадан буён кутаётган ислоҳотнинг янги босқичи эълон қилинди. Аввалари, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилда 1 миллион 550 минг сўм бўлган бўлса, жорий йил 1 июндан бошлаб фермерларимиз етиштирган ғалла ҳосили учун икки баравар кўпроқ, яни 3 миллион сўм ҳақ олиши белгиланди.

Қишлоқ ҳўжалиги соҳасида хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бораётгани қувонарли ҳолат. Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.Бу ислоҳотлар таг замирида аввало халқни фаровон ҳаёт кечириши кўзда тутилади.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилиб, ички бозорда нархлар барқарорлиги таъминланмоқда. Ғалланинг керакли бўлган ҳажмидан ташқари давлат харидларидан тўлиқ воз кечиш ҳисобига инвестициявий жозибадорлик оширилиб, донни биржа савдоларида чекловларсиз сотишга имкон яратилмоқда.

Шунингдек, жорий йил жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилади. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаб кетиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олиш бўйича “кунбай” назорат тизими жорий қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, ғалла майдонларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни ошириш, чекка ва олис қишлоқларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича берилган, шу каби қатор топшириқларнинг соҳага татбиқ этилиши, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Мавлуда АТХАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+