Халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида

28.10.2022 18:10:21

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги парламентлараро Aссамблеясининг кузги сессияси доирасида бўлиб ўтган МДҲ Ёшлар парламентлараро ассамблеяси йиғилиши кўтаринки руҳда ўтгани билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон вакиллари жам бўлган йиғилишда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиши учун яратилаётган шароитлар, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Ёшлар — жамиятнинг туб негизи, аҳолининг илғор қатлами, келажакнинг ишончли ворислари ҳисобланади. Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. 

Шу жиҳатдан, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилаётир.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Олий Мажлис палаталари ҳузурида ташкил этилган ёшлар парламентлари йигит-қизларимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда иштирокини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий фаоллигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ёшлар парламенти эртамиз эгаларининг ўз фикрларини ёрқин ифода этишлари учун юқори стендга айланмоқда.

Қонунчилик палатасида ташкил этилган Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳам ўз олдига қўйилган устувор вазифаларни муваффақиятли адо этиб келмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Комиссия томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Биргина 2021 йилда Қонунчилик палатасига киритилган 50 га яқин қонун лойиҳалари бўйича таклифлар, 2022 йилнинг 9 ойи давомида эса Комиссия томонидан 23 та қонун лойиҳаси бўйича 54 та таклиф тайёрланди.

Зеро, Комиссия фаолияти очиқлик ва ошкораликка асосланиб, шунга кўра қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари, ташкил этилган семинар ва давра суҳбатлари тўғрисида ОАВда Комиссия аъзолари томонидан доимий равишда чиқишлар қилиб келинмоқда.

Йиғилишда иштирокчиларга юртимизда сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумотлар бердик. Ўз навбатида, улар Ўзбекистон тажрибасини ижобий баҳолаб, ислоҳотлар натижалари ёшлар эришган ютуқларда, улар учун яратилган шартларда яққол намоён бўлишини эътироф этишди.

Ишончим комилки, бундай тадбирлар нафақат парламент аъзоларини бирлаштиради, балки ёшларни ҳам яқинлаштиради. Энг муҳими, бошқа мамлакатлар ва ёшлар парламентчиларига Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан янада яқинроқ танишиш имконини беради.

 

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+