Ҳамкорликнинг янги истиқболлари

17.12.2020 14:12:08

 

Мамлакатимизни сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши муҳтарам Президентимиз ташабусси билан қабул қилинган 5 йиллик ривожланиш Стратегиясида аниқ белгилаб берилган.

Президент фаолиятининг биринчи кунлариданоқ мамлакатимизнинг ташқи сиёсати, хусусан иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодиётига интеграциясини таъминлаш масаласи устувор йўналиш сифатида қаралмоқда. Айниқса, қўшни мамлакатлар билан яхши ҳамкорликни чуқурлаштириш, стратегик шериклик асосида муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ушбу ҳамкорлик натижаларидан оддий фуқароларимиз манфаатдор бўлмоқдалар ва айниқса, иқтисодиётимиз соҳалари бўйича ҳамкорлик кучайди. Натижада иқтисодиётимизга инвестициялар 2 баробар ошди. Буни халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқдалар.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Евроосиё Иқтисодий Иттифоқ (ЕОИИ) билан ҳамкорлик масаласи алоҳида эътибор марказида бўлмоқда. Чунки бизни бу Иттифоққа аъзо давлатлар билан кўп йиллик муносабатларимиз шаклланган, ҳар бири билан икки томонлама алоқалар мустаҳкам ўрнатилган ва ҳамкорлигимиз ўз самарасини кўрсатмоқда.

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг жорий йилнинг бошида Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги кунда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиши  энг аввало, халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб  ёндашишимиз зарурлиги таъкидланган эди.

Бу, депутатлар зиммасига катта масъулият юклади. Чунки халқимиз хоҳиш-иродасига таянган ҳолда, асосланган хулосаларни айтишимиз керак эди.

Қайд этиш жоиз, Олий Мажлис томонидан бир неча ой давомида ЕОИИ таркибига тўлақонли аъзо бўлиб кириш ёки кузатувчи мақомига эга бўлишдан олдин ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари, шунингдек, ўзаро келишув ва битимлар мамлакат учун қандай манфаат бериши ёки қандай салбий оқибатларга олиб келиши чуқур таҳлил қилинди.

Хусусан, Қонунчилик палатаси Кенгаши қарори билан ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилиб, унинг таркибига парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, қўмиталар раислари, соҳани чуқур биладиган депутатлар киритилди. Бу кўриб чиқилаётган масалага асосланган, таҳлилий нуқтаи назардан ёндашиш имконини берди.

Ишчи гуруҳини Ўзбекистонинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласига тааллуқли барча ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаши, фракциялар ҳамда қўмиталарнинг ушбу масала юзасидан ўтказиладиган мажлисларида мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларининг иштирокини кафолатлаши белгиланди.

Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш ва уларнинг хоҳиш-иродасига таянган ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлиги масаласи юзасидан фуқаролар ҳамда бизнес ҳамжамияти ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди, унинг натижасига кўра респондентларнинг 54.2 фоизи Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши кераклигини билдиришган.

Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси депутатлари ҳам Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлиги мамлакатимизнинг иқтисодий таррақиёти учун ўта муҳим масала деб ҳисоблаб, кузатувчи сифатида иштирок этиш ғоясини қўллаб қувватладилар.

Фракциямиз муҳокамасида Ўзбекистоннинг Иттифоқ билан ҳамкорлигини масаласида унинг ижобий ва салбий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, фракциямиз томонидан бундай ҳамкорликнинг бир қатор ижобий томонлари сифатида мамлакатимиз ЕОИИга аъзо давлатлар билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги келгусида яхши натижа бериши, транспорт-коммуникация соҳасидаги имкониятларимиз сезиларли даражада ортиши,  саноат маҳсулотларимизнинг Иттифоққа аъзо мамлакатлар орқали транзит ташиш ҳажми янада ошиши, таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича ҳамкорлик ижобий самаралар бериши алоҳида қайд этилди.  Мамлакат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Россия ва Белорусь ОТМ филиаллари унумли фаолият кўрсатмоқда. Рақобатдош мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ҳаммамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, коронавирус пандемияси даврида давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари асосида Россиянинг етук мутахассислари билан узвий алоқалар ўрнатилди ва самарали натижаларга эришилмоқда.

Бу масалалар “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида устувор йўналиш сифатида белгиланганлиги биз учун аҳамиятлидир.

Экспертлар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ташқи савдо айланмасини оширишга, маҳсулотлар, тармоқлар ва умуман миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга шароит яратади ҳамда ўрта муддатли истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобига қўшимча равишда қиймати 1.6 млрд. АҚШ долларига тенг маҳсулотларни экспорт қилиш (415 млн.АҚШ долларига тенг саноат маҳсулотлари, 365 млн.АҚШ долларига тенг тўқимачилик ва чарм-пойабзал товарлари, 795 млн.АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари) ва темир йўлда ташиш ҳаражатларини 220 млн. АҚШ долларига арзонлаштириш, шунингдек, меҳнат мигрантлари даромадларини 15-20 фоизга ошириш имкониятлари пайдо бўлади.

Ўрта муддатли истиқболда янги стандартлар ва техник талаблар бўйича ЕОИИ интеграциялашиш миллий иқтисодиётнинг чарм-пойабзал, озиқ-овқат, ёғ-мой, электротехника, кимё, фармацевтика саноати, ёқилғи-энергетика комплекси ва қора металлургия корхоналарининг рақобатбардошлигини оширишга имкон яратади.

Қишлоқ хўжалигида божхона тартибларини соддалаштириш ҳисобидан ЕОИИ давлатларига Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш йилига 350 млн. АҚШ долларига ошиши мумкин.

ЕОИИ доирасида ягона транспорт макони ташкил этилади. Бу эса халқаро ташишлар соҳасида рухсат бериш тартибларини соддалаштириш, йўловчиларнинг, юклар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракат қилишини таъминлайди.  

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, кузатувчилик мақоми ЕОИИнинг ишлаш механизмлари ва иқтисодий афзалликлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Маҳсулот сифатига қўйиладиган талаблар, иттифоқ ҳудудида амалда бўлган фитосанитария ва бошқа стандартларни яхшироқ ўрганишга замин яратади.

Хулоса сифатида Ўзбекистонга берилган кузатувчи мақоми мажбурият юклаймайди, бошқа ташкилотлар билан бу мақом муносабатларни чекламайди, бошқа йўналишларда ҳам Ўзбекистон Республикаси билан алоқаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлиб, Ўзбекистоннинг миллий манфаатига хизмат қилади. Кузатувчи давлат мақоми ЕОИИнинг ишлаш механизмлари ва иқтисодий афзалликлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Халқ вакиллари томонидан халқнинг хоҳиш-истакларини инобатга олиб берилган хулосалар халқ манфаатлари учун хизмат қилади.

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+