Хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми ишга тушди

19.04.2021 09:04:05

COVID-19 пандемияси оқибатида ва коронавирусга қарши курашда жорий қилинган карантин чоралари дунёнинг аксари мамлакатлари иқтисодиётида товар ва хизматларга бўлган ички талабнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди.

Буларнинг таъсири хом ашё товарлари нархининг кескин пасайиши, туризм соҳасининг инқирози, меҳнат муҳожирларидан келадиган пул ўтказмаларининг камайиши, экспорт ҳажмининг қисқариши, шунингдек, маҳсулот етказиб бериш занжирида узилишлар туфайли янада кучаймоқда.

Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ҳам карантин чекловлари ўрнатилиши ўша давлатларда яшаётган ва меҳнат қилаётган, аммо вақтинча даромадсиз қолган ҳамюртларимизни мушкул аҳволга солиб қўйгани ҳақида хабардор бўлиб турардик. 

 2021 йил 12 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари орқали давлат бюджетидан хорижда яшаётган ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига молиявий ёрдам берилиши тартиби ва шартлари батафсил ёритилган.

Низомга кўра, эндиликда консуллик округи ҳудудига кирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси яшаш учун маблағсиз қолганда, консуллик муассасасига молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Шу ўринда табиий саволлар туғилади. Хўш, бу молиявий ёрдам қандай амалга оширилади? Қарзлар кимга ва қанча муддатга берилади?

Бу ва бу каби саволларга жавоб берилган Низомга асосан, хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағсиз қолган фуқаро хориждаги консуллик муассасасига маблағсиз қолганлик сабаблари баён этилган ариза билан мурожаат қилганда аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:

шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи ҳужжат ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан берилган бошқа расмий ҳужжат, хотини (эри) ва фарзандлари ўртасидаги қариндошлигини тасдиқловчи хужжатлар ва молиявий ёрдам сўраб мурожаат килиш ҳолатига алоқадор хорижий давлат ҳудудидаги ваколатли органлар ва муассасалар томонидан берилган расмий ҳужжат (агар мавжуд бўлса).

Фуқаронинг шахсини ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлар йуқотиб қўйилган бўлса, молиявий ёрдам бериш бўйича ариза унинг шахси ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги тасдиқлангандан сўнг қабул қилинади.

Аризани кўриб чиқиш тартиб-таомиллари консуллик муассасаси мансабдор шахси томонидан зарур бўлган ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида амалга оширилади. Бунда консуллик муассасаси 2 иш кунида аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, аризачининг молиявий аҳволига баҳо беради ва молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлаб, Ташқи ишлар вазирлигига юборади. Вазирлик 1 иш кунида қарз бериш ёки рад этиш тўғрисида консуллик муассасасига хат юборади. Консуллик муассасаси хатни олганидан сўнг 1 иш кунида фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Шарномага кўра қарз олган фуқаро қарзни 30 кун ичида қайтариши керак.

Молиявий ёрдам малағлари асосан ҳаёт учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, бирламчи тиббий-санитария ёрдами, кийим-кечак ва транспорт чиптаси сотиб олиш учун тўғридан-тўғри таъминотчиларга тўлов қилиш орқали амалга оширилади.

Айрим сабабларга кўра ариза рад қилинганда, консуллик муассасаси мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб, деярли барча мамлакатлар  иқтисодиётида инқироз давом этаётган, ташқи чегаралар ёпилиб, ҳаракатланишлар бўйича чекловлар жорий қилинган айни дамда ҳукуматимизнинг бу қарори чет давлат ҳудудида бўлиб турган ва яшаш учун маблағсиз қолган фуқароларимизни молиявий ва маънавий ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шунингдек барча учун қийин бўлган пандемия даврида ватанига қайтмоқчи бўлган, лекин моддий қийинчлик сабабли қайтиш имконияти чекланган фуқароларимизнинг ватанига қайтиб келиш учун зарур харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қарз ажратиш орқали тўлиқ қопланишини кафолатлаши билан янада аҳамиятлидир.

 

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+