Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди

28.04.2021 16:04:50

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик ва миграцияга оид ривожланиб бораётган муносабатларни тартибга солувчи такомиллашган ва тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базаси яратилмоқда. Бунда ушбу соҳалардаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилда соҳани ислоҳ этишга қаратилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари, хусусан, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари эълон қилинди.

Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ва тегишли давлат идоралари зиммасига фуқаролик ва миграция масалаларига оид масъулиятли вазифалар юклатилди. Хусусан, фуқаролик масалаларига оид идоралараро маълумотлар электрон базасини шакллантириш, “Манзил” тизимини такомиллаштириш ва давлат идораларининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш, идентификация ID-картасига эга бўлиш имкониятларини яратиш каби вазифалар белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ташаббуси билан ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун ҳамда соҳага оид 2020 йилда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида”ги қуйи палатанинг парламент сўровини юбориш ҳақида қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+