Илгари сурилган ташаббус ва таклифлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади

02.10.2020 15:10:05

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ сессиясидаги нутқидан келиб чиқиб белгилаб олинган вазифаларга бағишланган қўшма йиғлиши бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида бўлиб ўтган йиғилишда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиядаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада партия сайловолди дастурида ҳамоҳанг йўналишлар ҳамда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Сўзга чиққанлар Шавкат Мирзиёевнинг юқори минбардан сўзлаган нутқи умумсиёсий воқеликка айланганини, давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этиб, мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларини модернизация қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганлиги таъкидлаб ўтишди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси даврида офатга қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишда ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизим яратиш зарур эканлиги таъкидлади. Юксак минбардан туриб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс” ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари ўз ифодасини топиши зарурлиги кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, қўшни Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик масаласига ҳамиша кун тартибининг марказидан жой эгаллаб келаётган масала эканлигини алоҳида таъкидлаб, бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир”, - дея таъкидлади. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дард-у ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифи илгари сурилди. “Адолат” СДП ҳам ўз сайловолди дастурида барча мамлакатлар ва халқаро институтлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган давлатнинг динамик ташқи сиёсатини амалга ошириш орқали, Марказий Осиёнинг амалда барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйган минтақага айланиши таъминлаш механизмларини илгари сурган.

Сўзга чиққан депутатлар, партия фаоллари Президентнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб уларни амалга оширишга қаратилган мулоҳазаларни билдириб ўтишди. Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва БМТнинг барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда Парламентнинг ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолциясини қабул қилиш бўйича Президент ташаббуси ҳақиқий демократия тамойилларини жорий этиш сифатида баҳоланди.

Илгари сурилган ташаббус ва таклифлар сиёсий партиялар зиммасига, жумладан, социал-демократиянинг “Бирдамлик” шиорига асосан фаолият юритадиган “Адолат” СДП ва унинг парламентдаги фракцияси олдига муҳим вазифаларни белгилаб беради. Жумладан, энг аввало, мазкур нутқ мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш учун бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ва депутатларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган қатор халқаро ташаббусларни амалга ошириш ва норматив-ҳужжатларни ишлаб чиқишда партия ўз таклифлари билан фаол қатнашчига айланиши белгилаб олинди.

Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро Кодекс, Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш концепцияси, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси каби йўналишларда ҳужжатларга таклифлар тайёрлаш бўйича “Адолат” СДП ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар юзасидан чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+