Илгари сурилган ташаббуслар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади

14.11.2022 20:11:14

Мана уч ойдирки, қадимий ва ҳамиша навқирон бўлган Самарқанд шаҳри дунё сиёсатчилари диққат марказида бўлиб турибди. Жумладан, дастлаб 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси бўлиб ўтган бўлса, орадан қисқа вақт ўтиб 3-4 ноябрь кунлари яна бир нуфузли тадбир иккинчи иқтисодий форум бўлиб ўтди.

Ўтган ҳафтада Самарқанд шаҳрида Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, мазкур ташкилот дастлаб “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши”, шунингдек, “Туркий кенгаш” деб юритилган бўлиб, Туркий тилли давлат раҳбарларининг биринчи саммити 1992 йил 30 октябрь куни Туркия Республикаси Президенти Тургут Ўзал ташаббуси билан Анқара шаҳрида ўтказилган.

Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йилда тўлақонли аъзо бўлиб қўшилган. Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон раҳбари томонидан ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 35 дан ортиқ аниқ ташаббусларни илгари сурди. Бугунги кунга қадар эса, 20 дан ортиқ ташаббуслар рўёбга чиқарилди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий кенгашнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саккизинчи саммитида мазкур кенгаш номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартирилиши ва унинг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилиб, бу бўйича қарор қабул қилинган эди.

Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг йиғилишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбанлар иштирок этишди.

Шу билан бирга, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ), Туркий давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, кўп томонлама тузилма Котибияти раҳбарлари ҳам қатнашди.

Самарқанд саммити доирасида давлат раҳбарлари сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро боғлиқликни кучайтириш, туризм, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ҳудудлар ўртасида фан, таълим, технология ва инновациялар борасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 10,2 фоизга ошиб, 7,4 млрд. долларни ташкил этди. Экспорт 3,2 млрд. доллар, импорт ҳажми эса 4,2 млрд. долларга етди. Мазкур давр оралиғида Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 20,4 фоизни ташкил қилди. Албатта, ушбу эришилган натижалар билан қаноатланиб қолишга ҳаққимиз йўқ. Чунки, дини, тили ва қадриятлари бир бўлган қардош халқлар ўртасида ишга солинмаган ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятларимиз ҳисобга олинса, эришилган натижалар мақтагулик эмаслиги кўзга ташланади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Ўзбекистон раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда Самарқанд саммити доирасида қабул қилинган “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси”ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилот нуфузини янада мустаҳкамлаш ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш бош мақсад эканлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш мақсадида Ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу мақсадга эришиш учун Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказиш таклиф этилди.

Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва “давра суҳбат”лари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради. Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган йиллик “Йўл хариталари” қабул қилинади. Бу эса, энг аввало, ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга ёрдам бериши шубҳасиз.

Умуман олганда, саммитнинг Ўзбекистон учун яна бир муҳим жиҳати — мамлакатимиз форумда ушбу Ташкилотга раисликни қабул қилиб олади. Бу Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсатини янада фаол ҳамда самарали олиб боришда алоҳида аҳамият касб этади.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+