Инклюзив мулоқот ва илгари сурилган ташаббуслар Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатларни ўзаро ишонч туйғуларини янада мустаҳкамланди

19.09.2022 15:09:20

         Бир-бирига бўлган ишонч, ўзаро ҳурмат  ва  конструктив ҳамкорликни  янада мустаҳкамлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлари – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерецияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Белорусь Республикаси, Муғилистон ва Эрон Ислом Республикаси, фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган – Туркия Республикаси, Озорбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида юқорида даражада ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити халқаро геосиёсий ва иқтисодий масалаларни ягона эзгу мақсад ва ғоялари сари ҳал этишда ҳамда уларни олдини олиш ва  бартараф этишда ҳуқуқий ва концептуал асосларини белгилаб берди. Энг асосийси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига раислик қилувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кучли бўлади” деган даъват ва чорлов мазмунидаги фикри барча саммит иштирокчиларининг ягона мақсадлар сари бирлаштира олди. Натижада, саммит жараёнида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг 40 дан ортиқ ҳужжатлари қабул қилинди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқлик транспорт йўлларини яратиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик концепциялари, ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш, қайта тикланадиган энергия манбалари, инфратузилмани ривожлантириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик дастурлари, шунингдек, ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ва юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харитаси” ҳамда тегишли меморандум, шунингдек бошқа турдаги ҳужжатлар қабул қилинди. Қабул қилинган  барча ҳужжатлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган Комплекс ҳаракатлар режасини бажаришга бевосита хизмат қилади. 

            Саммитнинг муҳим воқеаларидан бири Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат Эроннинг Шанхай ҳамкорлик  ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига имкон яратди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг кутилаётган кенгайиши Миср, Саудия Арабистони ва Қатар билан мулоқотда ШҲТга шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш орқали амалга оширилди. Бундан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва қатор халқаро ташкилотлар ўртасида расмий алоқалар ўрнатилди. Шу билан биргаликда,  минтақа иқтисодиётини янада ривожлантириш учун кучли рағбат бўладиган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу келишув бутун Марказий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш учун стратегик аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити жараёнида қабул қилинган 40 дан ортиқ ҳужжатлар кўп томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилайди. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг ягона мақсадлар сари бирлаштириб, транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлиги, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим стратегик аҳамиятга  эга бўлган ишларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка ҳал этишда бевосита хизмат қилади. Ишончимиз комилким, Ўзбекистон давлатлараро, минтақалараро ва глобал муаммоларни ҳал этиш учун турли геосиёсий қараш ва манфаатларга эга бўлган давлатлар йиғиладиган самарали майдонга айланди.

 

Таваккал Чориев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 “Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари”

қўмитаси аъзоси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+