Капитал бозори: Ривожланиш кўрсаткичлари ва амалий натижалар

03.02.2021 19:02:29

2021 йил 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги қуйи палатанинг парламент сўровига Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг жавобини атрофлича кўриб чиқдилар.

Парламент сўровига жавобда қайд этилишича, 2021 йил 1 январь ҳолатига жами 599 та акциядорлик жамиятларининг номинал қиймат бўйича умумий миқдори 149,5 трлн. сўмга тенг акциялари чиқарилган. Ушбу акциядорлик жамиятларидан 254 тасида 127,6 трлн. сўмлик давлат улуши мавжуд.

Депутатлар ички ва ташқи инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, капитал бозорини замон талаблари даражасида ривожлантириш ҳамда унда профессионал иштирокчилар ва инвесторларнинг салмоғини ошириш борасида рўёбга чиқарилаётган ишлар билан қизиқдилар.

Бош вазир ўринбосари жавобида таъкидланишича, бугунги кунда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида акциядорлик жамиятларига нисбатан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар, судларга даъво аризалари ҳамда ваколатли давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари кўрилмокда. Мисол учун, 2020 йил якуни бўйича аниқланган қонун бузилишлари юзасидан инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида акциядорлик жамиятларига 201 та кўрсатмалар берилган, судга 144 та даъво аризаси киритилган ва хуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 66 та ҳужжат юборилган. Инвесторлардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, 20.3 млрд. сўм дивиденд кўринишидаги пул маблағлари ундириб берилиши таъминланган.

Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчилар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ўтган йилда Инвестицион ва молиявий таҳлилчилар ҳамжамияти тузилганини амалий ишлардан бири, дейиш мумкин. Чунки ушбу тузилма инвестициялар ва молиявий таҳлил соҳасидаги мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда соҳа регулятори билан таклифлар алмашинувини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Шу билан бирга, жорий йил бошида маҳаллий ва ташқи бозорларда катта тажрибага эга инвестиция воситачилари ва қимматли қоғозлар бозори мутахассислари томонидан Инвестиция институтлари миллий ассоциацияси (ИИМА) қайта ташкил этилган. Бундан асосий мақсад, келажакда ўз аъзоларининг манфаатларини ифода этувчи капитал бозори профессионал иштирокчиларининг ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат бирлашмасини ташкил этиш саналади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари томонидан барча турдаги қимматли қоғозлар, жумладан, хорижий эмитентлар акцияларини сотиб олишдаги тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ушбу хизматнинг инвестиция воситачилари томонидан кўрсатилишини назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқилмоқда.

Капитал бозори фаолиятини ривожлантиришда хорижий андеррайтерлар иштироки ва уларнинг маҳаллий бозордаги рақобат муҳитига ижобий таъсирини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар халқ вакиллари диққат марказида бўлди.

Таъкидланганидек, хорижий банк-андеррайтерлар эмитентларга халқаро облигацияларни мувафаққиятли чиқарилишига ёрдам бериши билан бирга, уларни салоҳиятли халқаро инвесторларга танитади ва тижорат алоқаларинн ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, келажакда ички капитал бозорида хорижий инвесторлар учун маҳаллий облигацияларни сотиб олиш имконияти яратилганда уларни ички бозорга кенг жалб қилинишига замин яратади. Натижада ички капитал бозорида кўшимча молиявий ресурслар пайдо бўлади, маҳаллий облигацияларга бўлган талаб ошади ва рақобат муҳити шаклланади.

Маҳаллий банк ва корхоналарнинг жаҳон молия бозорларига мустақил чиқиши ҳам эътиборга молик жиҳатлардандир. Бу молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларга мувофиқ бўлиши, шаффофлик ва ҳисобдорликнинг ошиши, халқаро инвесторлар билан ишлаш тажрибасининг ортиши, уларнинг давлат кафолатисиз ўз хатарларини илғор халқаро амалиёт асосида бошқаришини тақозо этади ҳамда ташқи молиялаштириш манбаларининг диверсификация қилишга асос бўлади.

Қолаверса, суверен халқаро облигацияларининг илк бора миллий валютада муваффақиятли жойлаштирилиши сўмнинг халқаро молия бозорларида ўз қийматига эга бўлишига, норезидентларнинг миллий капитал бозоримиз тўғрисида кенгроқ маълумотга эга бўлишига ҳамда давлат қимматли қоғозларини норезидентлар ўртасида жойлаштириш учун “бенчмарк” яратилишига замин яратмоқда.

Парламент сўровига жавобда қимматли қоғозларнинг ликвидли иккиламчи бозорининг шаклланмаганлиги сабабларига ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, улардан бири — иқтисодиётда йирик корхоналардаги давлат улуши юқори ва хусусий сектордаги хўжалик юритувчи субъектларнинг қимматли қоғозлар бозорида маблағ жалб қилишга бўлган қизиқишининг пастлигидадир. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, капитал бозори иштирокчилари ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, маҳаллий капитал бозори ва давлат облигацияларининг ликвидли иккиламчи бозорини ривожлантиришнинг қонуний асосларини такомиллаштириш ҳамда давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Молия вазирлиги томонидан ўтган икки йил давомида давлат қимматли қоғозлар (ДҚҚ) бозорини ривожлантириш бўйича бир қатор амалий чоралар кўрилган. Натижада жойлаштирилган ДҚҚлар хажмининг қарийб 10 баробар ошишига эришилган. Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида илк бор суверен халқаро облигациялар халқаро молия бозорларида миллий валютада жойлаштирилган. Эмиссия жараёнида буюртмалар китобининг сум транш учун эмиссия ҳажмига нисбатан 2,5 баробар (яъни 5 трлн. сўм) кўпроқ талаб билан ёпилиши халқаро инвесторлар томонидан миллий валютадаги халқаро облигацияларга бўлган қизиқиш ва миллий валюта барқарорлигига ишонч ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги томонидан ДҚҚ бозори қатнашчиларининг асосий қарзи ва фоиз тўловлари ўрнатилган тартибда ўз вақтида тўланмоқда. Жумладан, 2019 — 2020 йилларда ДҚҚ бўйича 3217,1 млрд. сўмга тенг асосий қарз сўндирилган ва 547,1 млрд. сўмлик фоиз тўловлари ўз вақтида кечиктирилмасдан тўлаб берилган.

Шунингдек, 2021 йилда Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш мақсадида 5,0 трлн. сўм микдоридаги ДҚҚ чиқарилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банки кўмаги билан Капитал бозорини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу лойиҳани вазирлик ва идоралар хулосалари, таклифлари асосида ички капитал бозорини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Қизғин муҳокамалар руҳида ўтган мажлисда парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.

Маълумот: Parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+