Конституциявий ислоҳотлар: Адолатли фуқаролик жамияти сари

30.09.2022 14:09:45
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма қарори билан Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан Конституциявий комиссия тузилгани, Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислар, хусусан, “Адолат” партияси фракциясининг беш нафар аъзоси киритилганлиги кўпминг сонли партиядошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди.

“Адолат” СДП эркин ва адолатли фуқаролик жамиятига асос­ланган ҳуқуқий-демократик давлат қуриш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Шундан келиб чиқиб, амалдаги Асосий қонунимизнинг тегишли боб ва моддаларини замон талаблари асосида такомиллаштиришга қаратилган жамиятни демократлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинлик­лари билан боғлиқ таклифлар билан иштирок этиб келмоқда.

Биз социал-демократик партия сифатида Конституцияга “Ўзбекистон ижтимоий давлат” деган норма киритилишини нафақат қўллаб-қувватлаймиз, балки олқишлаймиз. Зеро, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, ишсизликка қарши курашиш, ёш тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш, аҳоли даромадларининг доимий ўсишини қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий ривожланишни таъминлаш, жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, ижтимоий суғурта тизимини кенг йўлга қўйиш, имтиёзларни қайта тақсимлаш орқали муносиб турмуш шароитини яратиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш партиявий қарашларимиз сирасига киради.

Очиғи, ижтимоий давлат сиёсати мамлакатимизда қизғин бошланган. Сўнгги йилларда олиб борилаётган халқчил сиёсатнинг мазмун-моҳияти ана шу тамойилга тўлиқ мос келади. Давлат бюджетининг қарийб 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилгани, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий ҳимоянинг кафолатли тизими яратилгани туфайли эҳтиёжманд, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар, юртдошларимиз турмуш тарзида туб ўзгаришлар кузатилмоқда.

“Адолат” социал-демократик партияси суд ҳокимияти мустақиллиги, қонунлар ва суд қарорлари одиллиги, Конституция ва қонунлар, инсон ҳуқуқлари устуворлигининг, коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни билдирган. Тиббиёт ходимлари ва педагогларнинг мақомини белгилаш ҳамда малакали тиббий хизматлар билан биргаликда сифатли таълим бериш масалаларига катта эътибор қаратилган. Бундан ташқари, ер усти ва ер ости бойликларига бўлган ҳуқуқ, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, мамлакатда миллатлар ва элатлараро тотувликни кучайтириш, маҳалланинг ўрни ва мақомини ошириш, келажак авлодларга анъанавий инсоний қад­риятларни асраб-авай­лаган ҳолда етказиш, оила институтининг аҳамияти, ёшлар ва гендер сиёсатини, рақамли ҳамда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага инвестициялар ҳажмини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилган.

“Адолат” социал-демократик партияси ўзининг электорати билан ҳамфикрликда халқнинг фикр ва мақсадлари рўёбини Конституциянинг нормаларида акс эттиришни мақсад қилган. Ташкил этилган тадбирларда Конституцияга жами 2698 та таклифлар йиғиб олиниб умумлаштирилди. Таклифлар беришда 2500 дан ортиқ иштирокчи фаол бўлди. Конс­титуцияга берилган таклифлар партия Марказий аппарати томонидан умумлаштирилиб, энг мақбул ва ўринли деб топилган таклифлар Oлий Мажлисдаги фракциямизга тақдим этилди.

Мазкур таклифлардан қуйидаги мисолларни келтириб ўтмоқчиман:

Конституциямизнинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда. Таъкидлаш жоизки, “Адолат” партия­­си ҳамиша жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тамойиллари қарор топиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш учун курашиб келган. Шу нуқтаи назардан, 20-моддага киритилаётган мазкур тўлдириш партиямиз томонидан қўллаб-қувватланди. Зеро, мазкур норманинг Конституциямизда акс эттирилиши фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

Конституциянинг 21-моддаси биринчи қисмига кўра “Ўзбекистон Рес­публикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади” деб белгиланган, унга қўшимча равишда “Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади ва фуқаролар Ўзбекистонлик деб аталади” деган норма қўшиш таклифи берилган.

Шунингдек, Конституциямизнинг 22-моддаси давлатнинг хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларни сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

Тан олиш керакки, охирги пайтларда хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Ва бу жуда табиий. Чунки ҳозирда Ўзбекистоннинг бир неча миллион фуқароси турли сабабларга кўра хорижда. Айримлари турли давлат ва ҳудудларда ҳалол меҳнат қилиб, ўз ризқини топмоқда, кўплаб ёшлар дунёнинг турли таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Ватан эса ўз фуқароларини қаерда ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қила олиши жуда муҳим.

Конституциямизнинг 25-моддасига киритилаётган қўшимчалар, яъни шахсни ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши мумкинлиги; суднинг қарорисиз ҳеч ким қирқ саккиз соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги; агар ҳибсга олиш ёки озодликни бош­қача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши лозимлиги ҳақидаги тўлдиришлар ҳам партиямиз аъзолари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар биринчи навбатда фуқаролар ҳуқуқларининг суд томонидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашга, “Хабеас корпус” институтини кенгайтиришга, қолаверса, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналиш­ларидан бўлган жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигини янада демократлаштириш ва либераллаштиришга хизмат қилади.

Конституциянинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади”. Таклифда эса “Айбланаётган” тушунчасини “гумонланаётган” тушунчасига ўзгартириш таклифи берилган. Яъни “Жиноят содир этганликда гумонланаётган ҳар бир шахс­нинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”, деб белгиланиши керак. Мантиқан ўйлаб кўрадиган бўлсак ҳам шахснинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, шу сабабли ҳам шахсга нисбатан айб аниқлангандан кейин суд томонидан айбдор деб топилади. Шу моддада “битта ҳуқуқбузарлик учун икки маротаба жавобгарликка тортилиши мумкин эмас” ҳамда “Қонунчилик ўзгариши сабабли енгиллаштирувчи нормалар орқага қайтиш кучига эга бўлиб, оғирлаштирувчи нормалар кучга кирганидан сўнг қўлланилади” бандларини киритиш таклиф қилинган.

Конституциянинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган нормага ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини инобатга олган ҳолда “Давлат аҳоли соғлиғини сақлаш юзасидан зарур чораларни кўради” деган қўшимча киритиш тарафдоримиз.

Конституциянинг 41-моддасига давлатнинг функцияларига нафақат таълим, балки тарбия бериш масалаларини ҳам тасдиқлаб қўйиш ва қўшимча равишда ўқитувчи мақоми тўғрисидаги бандни киритиш зарур. Унга кўра “Ўқитувчи-педагог­ларнинг ижтимоий-иқтисодий мав­­қеи, ижтимоий ҳимояси давлат муҳофазасидадир, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, соғлиғига путур етказиш ва касбий-педагогик фаолиятига асоссиз равишда аралашиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши” белгилаб қўйилиши лозим.

Партия ходимлари ва электоратининг шу каби халқ манфатлари йўлида хизмат қиладиган таклифлари партия­миз орқали Конс­титуциямизни ислоҳ қилиш бўйича комиссия­­га Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг “Адолат” СДП фракция­­си орқали юборилди.

Ишончимиз комилки, янгиланаётган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолат яратади. Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни англаб, қалбидан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабат билдиради.



Зухра ИБРАГИМОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,

"Адолат" СДП фракция раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+