Мамлакатимизда 2025 йилга қадар фуқаролик жамиятини ривожланишнинг стратегияси белгилаб берилди

16.03.2021 18:03:34

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Боиси унда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.

Жорий йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, унда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муҳим масалалар ҳам ўрин олган. Хусусан, Давлат дастурининг 16-бандида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган Президент фармонини қабул қилиш вазифаси белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор билан эса Давлат дастурида назарда тутилган вазифалар ижроси таъминланиб, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқувчи муҳим режалар белгилаб берилди.

Хусусан, Фармон билан яқин истиқболда, яъни 2025 йилга қадар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожланишнинг асосий босқич ва йўналишларини аниқ кўрсатиб берган. Бу йўналишда “Йўл харита”си ҳам тасдиқланган бўлиб, унда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қўламли ислоҳотларга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Фармонга асосан ННТларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялари) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти, ННТ фаолиятининг очиқлик индексининг жорий қилиниши, “Шаффоф ҳайрия” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши ҳамда давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибининг соддалаштирилиши назарда тутилган.

Жумладан, доимий вакилнинг асосий вазифалари этиб қонун лойиҳалари ва қуйи палатанинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича муҳокамалар ва йиғилишларда ижтимоий шериклик, таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш ва уларни амалиётга тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода қилиш белгиланган.

Шу билан биргаликда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан ННТни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун ундириладиган Давлат божи бекор қилинди.

Қарорда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, маҳаллий ННТиларини ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидиясини ажратиб бериш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби масалалар ҳам ўз аксини топган.

Хулоса қилиб айтганда, эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида тарғибот қилиш, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга кўтарилади.

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+