МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеясининг ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди

28.10.2022 09:10:05

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг эллик тўртинчи ялпи мажлиси доирасида МДҲ Ёшлар Парламентлараро Ассамблеясининг (МЁПА) ўн тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ассамблея йиғилишида асосий масалалардан бири “NEET ёшлари” – 15-24 ёшдаги ишламаётган, ўқимаётган ва касб-ҳунар таълимидан ўтмаётган ёшлар деб аталадиган муаммони бартараф этишдан иборат бўлди. МДҲ парламентарийлари ёшлар ўртасидаги ишсизликни қонунчилик билан тартибга солиш ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатларида ишсиз ва ўқимаган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш усуллари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Масала муҳокамасида Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Муҳаммаджон Валиев мамлакатимизнинг ҳозирги босқичда ёшлар парламентар тузилмаларини ривожлантириш борасидаги тажриба билан бўлишди.

— Ўзбекистонда ёшлар парламентаризми фаол ривожланмоқда: Сенат ва Қонунчилик палатаси ҳузурида ёшлар парламентлари ташкил этилган ва изчил фаолият юритмоқда, — деди М.Валиев. — Ёш қонунчилар ҳам ёшлар халқаро ҳамкорлигини фаол қўллаб-қувватламоқда – бу йўналишдаги навбатдаги қадам Ўзбекистонда МЁПАнинг сайёр сессиясини ўтказиш бўлади.

Шунингдек, Ёшлар ассамблеяси иштирокчилари жорий йилдаги фаолият натижаларини сарҳисоб қилдилар ва МДҲ МЁПАнинг янги координаторини сайладилар – Ассамблеяга раислик Озарбайжондан Арманистонга ўтди.

Ёш парламентарийларнинг Ёшлар қаноти ташаббуси билан МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши томонидан таъсис этилган “Ёшлар халқаро ҳамкорлигига қўшган ҳиссаси учун” фахрий кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни кўриб чиқишди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+