Меҳнат кодекси: имтиёз ва имкониятлар

14.11.2022 11:11:02

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари,  вазирлик,  корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахбороот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари З.Ибрагимова, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси  раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари  Э.Муҳитдинов сўзга чиқиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, ундаги қўшимча имтиёз ва имкониятларга тўхталди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Мулкдорлар ва иш берувчиларнинг сони кескин ошди. Ҳатто жисмоний шахсларга ҳам иш берувчи мақоми берилди. Буларнинг барчаси меҳнат бозорида ҳам янги ислоҳотларни талаб этади.

Бундай шароитда меҳнат қонунчилигини модернизация қилиш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш давр талаби ҳисобланади. Шу жиҳатдан янги Меҳнат кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу жараёнда 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди.

Янги кодексда ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар киритилди. Ушбу нормаларнинг амалга оширилиши ходимларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигига бўлган қонуний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини беради. Шунингдек, қисман иш ҳақи билан таътил бериш тартиби белгиланди. Бу эса экстремал вазиятларда, шу жумладан пандемияга қарши чораларни амалга оширишда мослашувчанликни таъминлайди.

Илгариги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди. Янги кодексда ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тўлиқ жаҳон стандартларига мослаштирган ҳолда белгилаб берилгани қайд этилди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев иштирок этди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+