Меҳнат кодекси: қўшимча имтиёз ва имкониятлар

12.11.2022 17:11:53

Қорақалпоғистон Республикасида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Зуҳра Ибрагимова, депуталар, сенаторлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда корхона ва ташкилотлар раҳбари иштирок этди

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларига нисбатан янгича ёндашувлар юзага келди. Мулкдорлар ва иш берувчиларнинг сони кескин ошди. Ҳатто жисмоний шахсларга ҳам иш берувчи мақоми берилди. Буларнинг барчаси меҳнат бозорида ҳам янги ислоҳотларни талаб этади.

Бундай шароитда меҳнат қонунчилигини модернизация қилиш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш давр талаби ҳисобланади. Шу жиҳатдан янги Меҳнат кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бу жараёнда 10 дан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилди.

Спикер ўринбосари З.Ибрагимова янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, унинг устида жуда узоқ вақт иш олиб борилгани, Бу табиий, албатта. Чунки кодекс кичик ҳужжат эмас, айниқса, меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган кодекс ҳар томонлама мукаммал бўлиши лозим.

Янги кодексда ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар киритилди. Ушбу нормаларнинг амалга оширилиши ходимларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигига бўлган қонуний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш имконини беради.

Шунингдек, қисман иш ҳақи билан таътил бериш тартиби белгиланди. Бу эса экстремал вазиятларда, шу жумладан пандемияга қарши чораларни амалга оширишда мослашувчанликни таъминлайди.

Илгариги Меҳнат кодексига асосан, йиллик асосий таътил муддати ўн беш иш кунини ташкил этади. Янги тартибга биноан, йиллик асосий меҳнат таътили давомийлигининг энг кам муддати йигирма бир календарь куни этиб белгиланди ва халқаро стандартга мувофиқлаштирилди.

Семинарда сўз олганлар янги кодексда ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ жаҳон стандартларига мослаштирган ҳолда белгилаб берилганини қайд этдилар.

Ушбу ҳужжатда меҳнат ҳуқуқларининг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш, индивидуал ва жамоавий меҳнат низоларини музокаралар ва ярашув тартиб-таомиллари ва воситачилик йўли билан ҳал этиш механизмлари ўрнатилгани, ушбу механизмларнинг жорий этилиши эса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириши таъкидланди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга депутатлар батафсил жавоблар қайтарди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+