Меҳнат қонунчилиги асоси пишиқ-пухта бўлса, ижроси самарали бўлади

20.04.2021 22:04:31

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат кодекси лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни устида фаол иш олиб борилмоқда.

Қайд этиш керак, мазкур кодекс лойиҳаси амалдагисидан деярли уч баробар катта бўлиб, унда қатор янги нормалар киритилмоқда.

Авваламбор, лойиҳада ҳозирги даврда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган — меҳнат қилиш ҳуқуқи эркинлиги ва мажбурий меҳнат масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, лойиҳада меҳнат қилиш эркинлиги тушунчасига аниқ тариф бериш билан бирга, меҳнат қилиш эркинлигини амалга ошириш инструментлари очиб берилган. Шунингдек, мажбурий меҳнатни қатьий таъқиқлаш билан биргаликда, мажбурий меҳнатдан чеклашни истисно қилувчи ҳолатлар ҳам аниқлаштириляпти.

Иккинчидан, Меҳнат кодекси лойиҳасида “меҳнат муносабатларида ижтимоий шериклик” институтини жорий қилиш, унинг асосий принцип ва мақсадлари ҳамда унинг томонлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этган. Мисол учун, ходимларни қонун билан таъқиқланмаган ҳар қандай вакиллик органини тузиш, унга аъзо бўлиш ёхуд бошқа жамоат бирлашмаларига аъзо бўлиш эркинлиги кафолатланиб, бундан эркинликни амалга оширишга ҳар қандай кўринишдаги тўсқинликка жавобгарлик белгиланмоқда. Эътиборли томони шундаки, ходимларни вакиллик органининг аъзоси ёки раҳбарининг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлашга қаратилган нормалар белгиланмоқда.

Учинчидан, лойиҳада ишга қабул қилиш ёши ҳам ўзгариши назарда тутилмоқда. Жумладан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ ишга қабул қилиш ёши 16 ёш, алоҳида ҳолларда эса 15 ёш, деб белгиланган бўлсада, лойиҳада алоҳида ҳолларда 15 ёшга тўлмаган шахсларни маданий-томоша, телевидение, радио ташкилотлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари ота ва онанинг ёки ота-она ўрнини босувчи шахснинг ёхуд васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан ишга қабул қилиш белгиланмоқда. Сабаби, ҳозирги кунда бир қанча ёшлар, шу жумладан, мактаб ўқувчилари ҳам маданий-томоша дастурлари учун юқорида қайд этилган ташкилотлар томонидан уларнинг меҳнатидан фойдаланган ҳолда жалб этилсада, меҳнат шартномаси тузилмайди. Ваҳоланки, бу жараёнда ёшларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланмаслиги билан бирга, иш берувчининг мажбуриятлари (иш ҳақи, унга тенглаштирилган тўловлар, компенсация ва ҳоказолар) ҳам эътибордан четда қолаётган эди.

Тўртинчидан, лойиҳада ходимнинг шахсига доир маълумотлар тушунчаси, уларнинг рўйхати, улардан фойдаланиш, қайта ишлаш, сақлашга доир томонларнинг мажбуриятлари ҳамда иш берувчининг бу тартибларга риоя қилмаслиги борасида жавобгарлиги белгиланмоқда. Масалан, иш берувчига ходимнинг розилигисиз, унинг шахсига доир маълумотларни унинг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга ошкора қилмаслиги, шунингдек, ходимлар вакиллик органи билан биргаликда ходимнинг шахсига доир маълумотлардан фойдаланиш, сақлаш, қайта ишлаш ва учинчи шахсларга бериш борасида ҳимоясини таъминлаш каби мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланмоқда.

Бешичидан, лойиҳада мамлакатимизда олиб борилаётган гендер тенглиги сиёсати ва Халқаро меҳнат ташкилотининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, қисқартирилган иш вақти белгиланадиган ходимлар тоифаси янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, бундай ходимлар тоифасига уч ёшгача фарзанди бўлган ҳамда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотда ишловчи ота-онадан бири, васийга қисқартилган иш вақти белгиланиши назарда тутилмоқда. Амалдаги кодексга мувофиқ, мазкур ҳуқуқ фақат аёл қишида бор бўлиб, амалиётда гендер тенглиги тамойилларига тўғри келмасди. Албатта, бу ҳуқуқдан ота-онанинг бири фойдаланиши назарда тутилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, лойиҳада давлат секторида ишламайдиган уч ёшгача фарзанди бўлган ота-она, васийга ҳам қисқартилган иш вақти қоидалари (жамоа келишувларида, жамоа шартномасида белгилаш орқали)ни қўллаш назарда тутилмоқда.

Олтинчидан, лойиҳада ходимларни йиллик асосий меҳнат таътили минимал муддатини ўзгартириши назарда тутилган бўлиб, йиллик асосий меҳнат таътили муддатини (амалдаги кодексда 15 иш куни) 21 календарь куни этиб белгилаш назарда тутилмоқда. Бу эса ҳафтада 5 ва 6 иш кунларида ишловчи ходимларга асосий йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишда қулайлик яратишга қаратилган.

Еттинчидан, лойиҳада илк бора ходим томонидан содир этилган ножўя интизомий хатти-ҳаракат юзасидан ҳақиқатни аниқлашга қаратилган хизмат теширувчи институти, унинг тушунчаси, ўтказиш тартиби, натижаларини расмийлаштириш тартиблари ҳам акс этмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида меҳнат муносабатларида меҳнат мухофазасини таъминлашда иш берувчи ва ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат низолари масалаларини ҳал қилиш (тартибга солиш)га қаратилган медиатор, меҳнат низолари комиссияси, меҳнат арбитражи институтларини жорий қилиш ҳамда улар орқали якка тартибдаги ва жамоавий меҳнат низоларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиблари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида жамоатчилик вакиллари, олимлар ҳамда экспертларни жалб қилиб, лойиҳада акс этган нормаларни амалдаги қонунчилик ва амалиёт билан уйғунлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Хусусан, муҳокама жараёнида давлат органларининг лойиҳа бўйича юборган таклифларидан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, касаба уюшмалари, тадбиркорлик субъектлари таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Муҳокама қилиш жараёнида лойиҳада акс этган ҳуқуқий нормаларни эътироф қилган ҳолда унинг айрим нормалари амалдаги қонунчиликка мос эмаслиги, айримлари эса амалиётда коррупциявий холатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида хулосага келинди. Шу билан бирга, айрим нормаларни такомиллаштириш мақсадида тўлдирилди ҳамда қонунчилик ва юридик техника талабларига мувофиқлаштирилди.

Жумладан, кодекс лойиҳасида масофавий ишлайдиган ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида хорижий тажриба ва амалиётдаги муаммоларни инобатга олган ҳолда доимий ва вақтинчалик масофавий ишлаш (453-модда), иш берувчи ташаббуси билан доимий ва вақтинчалик масофавий иш фаолиятига ўтиш (454-модда), масофавий иш фаолиятига ўтишни расмийлаштириш (457-модда), масофавий иш фаолиятига ўтиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар (458-модда) каби янги моддалар билан тўлдирилди.

Шунингдек, кодекс лойиҳасининг 127-моддасига иш берувчи томонидан ишга қабул қилиш ҳамда тегишли ёзувларни меҳнат дафтарига киритиш билан боғлиқ жараёнда ёзувларни меҳнат дафтарига ҳамда “Меҳнат ягона миллий тизими”га киритиш муддатлари ва тартибини аниқлаштирувчи қоидалар киритилди.

Лойиҳада айрим ҳаволаки нормалардан воз кечиш мақсадида тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилди.

Бундан ташқари, лойиҳада меҳнат муносабатларини амалга оширишда ижтимоий шериклик муносабатлари механизмлари тўлиқ ёритилмаганлиги аниқланди.

Жумладан, 14-моддада жамоа келишувларини ўзаро ҳамда локал ҳужжатлар билан ўзаро мувофиқлиги қоидалари тўлиқ ёритиб берилмаганлиги ҳамда 29-моддада ваколатли далат органлари йўлланмасига асосан иш берувчи ва ходим ўртасида якка тартибдаги меҳнат муносабатларини келиб чиқиши асослари “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ва “Умумий ҳарбий хизмат ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланиб, мазкур моддалар амалдаги қонунлар асосида зарур нормалар билан тўлдирилди.

Шу билан бирга, лойиҳада Давлат Меҳнат ҳуқуқ инспекциясига меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни олиб бориш бўйича ҳаддан ташқари кенг ваколатларни назарда тутувчи айрим нормалар (568-570, 576 ва 386-моддалар) амалиётда суистеъмоллик ва коррупциявий шароитлар келтириб чиқаришининг олдини олиш мақсадида чиқариб ташланди.

Меҳнат муносабатларини амалга оширишда хусусий сектор фаолиятига давлат органларининг ортиқча аралашувининг олдини олиш мақсадида 274-моддадаги меҳнат меъёрларини ишлаб чиқиш, амалга киритиш, алмаштириш ҳамда қайта кўриб чиқиш борасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг айрим ваколатлари чиқариб ташланди.

Кодекс лойиҳаси юридик техника қоидалари талабларига мос эмаслиги, унинг бир жойида муайян термин ишлатилган бўлса, бошқа жойда бундай термин бошқача ишлатилганлиги, мазкур ҳолат ҳуқуқни қўлловчига муаммо келтириб чиқариши ёхуд лойиҳада ишлатилган тушунчаларни қисқартириш қоидаларига риоя этилмаганги ҳам аниқланиб, мазкур камчиликлар бартараф этилишига эришилди.

Қисқача айтганда, айни пайтда кодекс лойиҳаси пишиқ-пухта тайёрланишига жиддий аҳамият берилмоқда. Зеро, ҳар жиҳатдан мукаммал ҳужжатнинг амалиётда ижроси янада самарали бўлади.

 

 

Дилмурод ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+