Миллий гвардия органлари ходимларига қўшимча ваколат берилмоқда

09.08.2022 16:08:54

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. Йиғилишда дастлаб депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни учинчи ўқишда кўриб чиқилди. Ялпи мажлис кун тартибига киритилган қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида жамоат тартибини таъминлаш орқали аҳолининг тинч ва осуда ҳаёти учун шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратишдан иборат. Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари мансабдор шахсларига жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш каби ҳамда бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш ваколатлари берилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларига майда безорилик, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш, вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш каби ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомаларни тузиш ва кейинчалик судга юбориш ваколати берилмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, бир овозда маъқулланди.

Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат хавфсизлигини назорат қилиш ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш амалга оширилаётган ислоҳотлар учун мос қадам ҳисобланади.

Миршод Қўлдошев,

“Адолат” СДП Марказий аппарати

бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+