Миллий парламент аъзолари халқаро анжуманда иштирок этди

07.10.2022 23:10:11

2022 йил 6-7 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Санкт- Петербург шаҳридаги Таурида саройида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги демократик сайловлар стандартлари тўғрисидаги Конвенция: халқаро ҳамкорликнинг очиқ майдони” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси Ижроия қўмитаси ва Россия Федерациясининг Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конференцияда МДҲга аъзо давлатларнинг парламенти вакиллари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари иштирок этди.

Конференция доирасида ўтказилган давра суҳбатларида миллий сайлов тизимларининг ўзига хос хусусиятлари, сайловларда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш, сайлов ташкилотчиларининг ўқитилиши, аёлларнинг сайлов кампанияларида иштирок этиши, сайлов соҳасидаги жамоат ва халқаро ташкилотларнинг фаолияти каби мавзуларда фикр алмашилди.

Илмий-амалий конференцияда нутқ сўзлаган миллий парламентимиз вакиллари МДҲ парламентлараро Ассамблеяси референдумларни кузатишда катта тажрибага эга эканлигини эътироф этиб, жаҳонда жадал ўзгаришлар рўй бераётган, хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда МДҲ ПА зарур ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди.

Шунингдек, бу каби илмий-амалий анжуманлар Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича ташаббуслар рўёбга чиқарилишида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар маърузачиларга саволлар беришди, маърузалар давомида кўтарилган мавзуларни муҳокама қилишди. Шунингдек, сайловлар ва референдумларни ташкил этиш ва ўтказиш тажрибасини ўзлаштиришда миллий ўзига хосликларни ҳисобга олиш зарурлиги юзасидан фикр алмашилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+