Молиявий имкониятлар кенгаймоқда

17.09.2021 17:09:29

Махсус иқтисодий зона — тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.

Бундай зоналар бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган давлат мулки объектлари, маъмурий-ҳудудий тузилмалар ҳудудлари негизида, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилади. Сабаби мамлакатимиз ҳудудларининг ишлаб чиқариш, ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришда эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор. 

Шу боис, юртимизда бизнесни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятига қаратилган ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар жадал давом этмоқда. Бизнес юритиш учун барча шароитларга эга бўлган, замонавий коммуникация тармоқлари билан таъминланган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган махсус иқтисодий зоналар ташкил қилиниб, уларда рақоботдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга кенг имкониятлар яратилмоқда. 

Лекин пандемия оқибатида бошланган ва ҳали-ҳануз давом этаётган иқтисодий инқироз даврида махсус иқтисодий зона иштирокчиларини ҳам қўллаб-қувватлашни давом эттириш, ишлаб чиқариш фаолиятини узилишларсиз давом эттиришлари учун зарур бўлган молиявий маблағлардан янада унумли фойдаланишларига имконият яратиш долзарблигича қолмоқда.

Бу борада инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш,  тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам тадбиркорликни олиб боришда муҳим мажбурият бўлган солиқ ва божхона тўловлари бўйича бир қатор енгилликлар берилиши юзасидан вазифалар белгилаб олингани, инқироз даврида тадбиркорларга айланма маблағларидан унумли фойдаланишларига катта имконият яратмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг 14 сентябр куни Президентимиз томонидан қабул қилинган «Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ҳам тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда белгиланган айнан ана шу вазифаларни ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унга мувофиқ, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини пандемия даврида янада қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга солиқ тўловларидан олдин берилган айрим имтиёзлар муддати узайтирилмоқда ҳамда улар фаолияти учун бир қатор енгилликлар ҳам кўзда тутилмоқда.

Биринчидан, 2020 йил 1 январдан бошлаб махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинган эди. Эндиликда эса 2020 йил 1 октябрга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчилари руйхатига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда ушбу имтиёз тўлиқ қўлланилади. Шу мақсадда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича имтиёзлар беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Иккинчидан, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Учинчидан, махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча қўшилган қиймат солиғи суммасини етти кун ичида қоплаб бериш тартибига қатъий амал қилиниши назарда тутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур қарорда кўзда тутилган имтиёзлар, аввало, тадбиркорларимизга, инвесторларга фаолият олиб бориш лари зарур бўлган молиявий ресурслардан унумли фойдаланишларига ва улар томонидан рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришларига кенг имкониятлар яратиши билан янада аҳамиятлидир.

 

 

Абдиғани УМИРОВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+