Муҳим ташаббуслар платформаси

19.09.2022 10:09:08

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишга чақирди. Бу борада ташкилотнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантириш таклиф этилди.

Унинг асосий вазифаси савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этишга, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантиришни кўзда тутади.

Шунингдек, мазкур вазифа ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларни биринчи навбатда, инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш орқали яратилган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча механизмларини бирлаштириш ва фаоллаштиришдан иборат бўлади.

Президентимиз мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш таклифини илгари сурди.

Бунинг амалий ифодаси ўлароқ, давлатимиз раҳбари иштирокчи давлатларни келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга чақирди.

Айтиш жоизки, коронавирус пандемияси ва дунёдаги ишончсизлик, қарама-қаршиликлар саҳнида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси глобал кун тартибига чиққан. Ушбу муаммо ШҲТга аъзо давлатларга ҳам тегишли.

Президентимиз таъкидлаганидек, ташкилот мамлакатлари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, бу давлатлар салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради.

ШҲТ давлатлари эса ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўша олади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш таклифини ўртага ташлади. Ушбу ҳужжатда мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутиш муҳим аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Президентимизнинг 2023 йилда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш ҳақидаги таклифи ҳам жуда ўринлидир. Шубҳасиз, бу ғоянинг амалга ошиши келажакда таъминот занжирлари узилишига йўл қўймаслик, озиқ-овқат инқирози юзага келиши олдини олишга хизмат қилади.

Дилрабо ХОЛБАЕВА,

Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+