Мустақилликнинг 30 йиллиги: Қишлоқ хўжалиги катта ўзгаришларга юз тутди

03.09.2021 19:09:30

Жамиятимизнинг энг меҳнаткаш, фидойи инсонлари бу ­ деҳқон ва фермерлардир. Сабаби уларнинг хизматлари туфайли дастурхонимиз тўкин, бозорларимиз гавжум. Шу боис, бугун қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ходимларининг жамоа-шартномавий ҳужжатларда меҳнат хавфсизлиги даражасини кўтариш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, зарарли меҳнат шароитлари учун ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масаласига катта эътибор қаратилмокда.

Ҳозирги кунда жамиятимизда ҳар қандай соҳа вакили эътибордан четда қолаётгани йўқ, десак адашмаган бўламиз. Бунинг исботини эса чиқарилаётган қонун, фармон ва қарорлардан яққол қўришимиз мумкин. Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” этиб белгилангани боис, айни пайтда бу кун юртимизда катта шодиёна билан нишонланмоқда.

Албатта, бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчалик тотли ва ширин эканини барчамиз яхши биламиз. Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғу роғлар, дастурхонимиздаги турли ноз-неъматлар, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади. Зеро, деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчидир.

Сир эмаски, кейинги икки йил бутун инсоният учун жиддий синов даври бўлмоқда. Шундай қийин шароитда эл-юртимиз, хусусан, заҳматкаш деҳқон ва фермерларимиз коронавирус пандемияси билан бир қаторда, айрим ҳудудларимизда юз берган табиий ва техноген офатларни ҳам мардонавор енгиб, юксак марраларни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади. Биргина 2020 йилда юртимизда олти ярим миллион тоннага яқин ғалла, 3 миллион тоннадан зиёд пахта, 21 минг тонна пилла, 22 миллион тонна мева-сабзавот, икки ярим миллион тонна гўшт ва 11 миллион тоннадан зиёд сут маҳсулотлари етиштирилгани айнан қишлоқ хўжалиги ходимларининг машаққатли ва ҳалол меҳнати самарасидир.

Бугун юртимизда улуғ байрам, катта тантана. Юртдошларимиз жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Ушбу сана муносабати билан куни кеча “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилган тантанали байрам тадбирида Президентимиз нутқини тинглаб, аграр соҳада ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилишига амин бўлдик.

Нутқда қишлоқ хўжалигида нархлар шаклланишига давлат аралашувини бекор қилингани, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси тугатилгани айтиб ўтилди. 122 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, юқори ҳосил олишга эришилгани, қишлоқ хўжалигини молиялаш тизими қайта кўриб чиқилаётгани таъкидланди. Бу эса кейинги йилларда ҳам аграр соҳада мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилишига ишорадир.

 

 

Дилрабо ХОЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+