Нуфузли анжуманда Ўзбекистонда гендер тенгликка эриши борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди

13.09.2022 15:09:05

Маълумки, жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14 – саммити бўлиб ўтди.

БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этган Тошкент саммитида дунёнинг етакчи аёл раҳбалари иштирокида COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш мақсадида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Эътиборли жиҳати, саммитда иштирок этган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан бугун Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги, сиёсатдаги ролини ошириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенгликка эриши борасида олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланиб, ушбу ислоҳотлар айрим бу борадаги ўзгаришларни бошлаётган давлатлар учун намуна бўлиши таъкидланди.

Хусусан, сўнгги беш йилда дунё парламентидаги аёллар улуши 23,4 фоиздан 26 фоизга етган бўлса, Ўзбекистон парламентида эса хотин-қизларнинг сони БМТ тавсияларига мос равишда 32 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, хотин-қизларнинг бошқарув лавозимдаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга, сиёсий партияларда 44 фоизга, олий таълим йўналишида 46 фоизга етганлиги ҳам ижобий ўсиш сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга, саммит доирасида парламентаризм ривожланиб бораётган ҳозирги замонда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари дунёда демократик жараёнлар ривожланишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга ҳамда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, юқоридаги каби масалалардан келиб чиққан ҳолда анжуман ўз ишини “Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш” ҳамда  “Технологиялар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни ҳимоя қилиш” мавзуларидаги иккита сессия кўринишида кўриб чиқди.

Биринчи сессия доирасида иштирокчилар тенглик, инклюзивлик ва атроф муҳит муҳофазасига асосланган барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан иқтисодиётни тиклаш, қизлар ва аёлларнинг, шу жумладан репродуктив саломатлик соҳасидаги заифлигини камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳамда COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича энг яхши амалиётларни муҳокама қилнди.

 Кунинг иккинчи ярмида давом этган иккинчи сессияда эса, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларни рағбатлантириш, миллий ва халқаро миқёсда рақамли тафовутни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ташаббуслар, шунингдек, парламентларнинг аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернет оламида тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари каби масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Шунингдек, барча иштирокчи мамлакатларнинг етакчи аёл раҳбарлари томонидан гендер тенглик борасидаги тажрибалари бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилди. Ушбу тақдимотлар доирасида кўтарилган масалалар бўйича кўплаб амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, инқирозли вазиятларни ҳал этишда тенглик, адолат ва барқарорликка асосланган гендер масалаларига жавоб берадиган парламентни шакллантириш бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Самарали мулоқот ва ишчанлик кайфиятида бўлиб ўтган икки кунлик саммит якунида Тошкент декларацияси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда мамлакатларнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш, мавжуд рискларни баҳолаш ва уларни бартараф этишда гендер тенглигига йўналтирилган парламентни шакллантириш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланган.

Умуман олганда мазкур нуфусли анжуманнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш  борасида олиб борилаётган ишларга берилган муносиб баҳо сифатида эътироф этиш мумкин.

 

Мавлуда Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+