Очиқ ва прагматик ҳамкорлик учун кўпқиррали платформа

15.09.2022 10:09:07

Шиддат билан ўзгариб бораётган замонда ўзининг кўплаб  манфаатлари билан ҳаракат қилаётган дунё давлатлари барқарор ва хавфсиз ривожланиши учун бир бири билан доимий мулоқот қилиши муҳим. Чунки ҳеч қайси мамлакат  иқлим ўзгариши, табиий ресурсларнинг тугаб бориши, даромад манбаларининг кескин камайиши, инфекцион касалликларнинг тарқалиши каби замоннинг энг долзарб муаммоларини якка ўзи самарали ҳал қилишга эришолмайди.

Давлатлар ўртасидаги тафовутларни бартараф этишда ва ҳамкорликка эришишда турли регионал ва халқаро ташкилотларнинг ўрни беқиёс.  Шундай ташкилотлардан бири  қисқа вақт мобайнида ўзини кучли регионал халқаро ташкилот  сифатида танитиб, кўплаб давлатлар назарига тушган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидир. Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда ташкилотга қизиқиш билдирган давлатлар ШҲТнинг фаолиятига бевосита қўшилиш тенденцияси ҳам мавжуд.

Бир йил мобайнида ШҲТга раислик қилган Ўзбекистон 15-16 сентябр кунлари афсонавий Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатлар раҳбарларининг навбатдаги учрашувини ўтказиш учун 15та мамлакат раҳбарларини кутиб олишга шай турибди. Саммитга ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари билан биргаликда ташкилотда кузатувчи ҳамда мулоқот бўйича шерик мақомини олган давлатлар раҳбарлари ҳам таклиф этилган.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак,  Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган давлатларда бугунги кунда 3,5 миллиард аҳоли яшайди, бу эса бутун дунёнинг 50 фоиз аҳолисини ташкил этади. ШҲТга аъзо-давлатларнинг умумий майдони эса Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини қамраб олади .

Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси давлатлари томонидан 2001 йилда ташкил этилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бугунги кунда кенгайиб бормоқда ва ташкилотга аъзо бўлган ҳамда аъзоликка интилаётган давлатлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Самарқанд саммити доирасида Эрон Ислом Республикасини Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига доимий аъзо-давлат сифатида қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, саммитда бошқа мамлакатлардан ШҲТга аъзо давлат сифатида кириш, кузатувчи давлат ва мулоқот бўйича шерик мақомларини олиш тўғрисида келиб тушган аризаларини кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.

ШҲТ тузилгандан кейин унинг нуфузи тинчликпарвар ташкилот сифатида ошиб бораверди. Чунки Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доим барча давлатларни ўз олдига қўйилган вазифаларни фақат дипломатик йўллари билан ҳал қилишга, ўзаро ҳурматга асосланган конструктив мулоқотга чақириб келмоқда.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Хартиясида ташкилотнинг асосий мақсадлари ва вазифалари сирасига аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик,  яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни, тинчликни сақлаш мақсадида кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-техникавий ҳамда мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, табиатни авайлаб-асраш, таълим олиш, энергетика каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш киради.

Хартияга асосан  Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзо-давлатлари бир-бирининг  суверенитетини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, низоларни тинч йул билан ҳал этиш ва ташқи сиёсат масалаларида умумий нуқтаи назарни излаш, ташкилотнинг фаолияти учинчи мамлакатларга қаратилмаслиги каби принциплари асосида ҳамкорлик қиладилар. Турли блоклардан холи мақоми ва ташкилот принципларига сўзсиз риоя этиши натижасида ШҲТ жозибадор уникал тузилмага айланди ва бугунги кунда дунё аҳолисининг яримини қамраб олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг "Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити:  ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик" номли мақоласида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мисолида муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик моделини чуқур таҳлил қилинди. Шунингдек, мақолада регионал халқаро ташкилотининг моҳияти ва муваффаққият концепциясини атрофлича очиб берилди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти - маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга бўлган мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир.

Ўзбекистон бир йил мобайнида улкан жуғрофий худудни қамраб олган халқаро регионал ташкилотга-ШҲТга раислик қилар экан, ташкилотнинг нуфузини ошириш, халқаро ҳамкорлар учун ташкилот жозибадорлигини кўрсатиш мақсадида кенг қамровли ва жиддий иш олиб борди. Бир йил мобайнида хавфсизлик соҳасида,  транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш борасида 80дан ошиқ халқаро тадбирлар, 30 дан ортиқ келишувлар ва қарорлар қабул қилинди.

Мамлакатимиз Президенти нуфузли саммитга бағишланган мақоласида Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик қилган даврни кўптомонлама кооперацияни мустаҳкамлашда имконият деб баҳолаб Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг ҳар бири билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда  яқин шерикчилик учун янги марраларни аниқлашда муҳим давр бўлганини таъкидлади. Чунки регионал халқаро ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари, дўстлари ва стратегик шериклари ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг кейинги йилларга қабул қилинадиган ҳаракатлар дастурида Афғонистоннинг ривожланишига катта эътиборни қаратмоқда.  Афғонистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кирган давлатлар улкан маконининг ажралмас қисмидир. Демак, минтақадаги жойлашган давлатлар афғон халқига ёрдам қўлини чўзиб, уларга узоқ йиллар мобайнида давом этаётган инқироздан чиқишга имконият яратсагина,  минтақавий хавфсизликни таъминлаш мумкин бўлади. Самарқанд саммити жараёнида мамлакатимиз раҳбари томонидан Афғонистонга янги бир  тинчлик миссияси таклиф қилиниши кутилмоқда. Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида мустаҳкам боғловчи бўғим сифатида фаолият олиб бориши учун шарт-шароитлар яратилади. Ўз навбатида, трансмиллий афғон коридори қурилиши нафақат ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларни ҳал қилади, балки яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо этилишига олиб келади.

Ш. Мирзиёев давлатларнинг халқаро муносабатларда ҳамкорлик, мулоқот ва ўзаро келишув ҳукмрон бўлган бўлинмас ва ягона маконда фаолият олиб бориш,  "Самарқанд руҳи" феномени асосида ҳалқаро ҳамкорликнинг янги форматини ўрнатиш таклифини илгари сурди.  Албатта, тинчлик ва фақат ҳамкорликка таянган халқаро муносабатларнинг янги форматини қўллаш Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига янги аъзоларни жалб қилади ва регионал халқаро ташкилотнинг  ривожланишига олиб келади. Бу ўз навбатида, глобал инқироз даврида  ҳамкорликка, ўзаро мулоқотга тайёр бўлган давлатлар жуғрофиясини ошириб, дунёдаги хавфсизлик ва тинчликни таъминлашга яна бир муҳим қадам бўлади.

Нодира Джанибекова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

"Адолат" СДП фракцияси ва Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+