Ўзбекистон довруғини дунёга танитган ёшлар

16.08.2022 13:08:17

2022 йил август ойининг боши ўзбек спорти тарихида эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Сабаби, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шаҳмат олимпиадасида 188 та жамоа қатнашган мусобақада дунёнинг энг кучли шахматчилари орасида ёш йигитларимиз ишончли ғалабани қўлга киритиб, олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлдилар.

Ушбу ғалаба юртимиз спорти учун катта ютуқ ҳисобланади. Ўзбек спорти, ўзбек шахмати тарихида ўчмас из қолдирган ёш йигитлар — Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидовларнинг ғалабаси мамлакатимиз спорти тарихида янги саҳифани очиб берди. Уларнинг ушбу ғалабаси туфайли ўзбек шахмат мактабининг шон-шуҳратини дунё тан олди. Давлатимиз раҳбари чемпионларни телефон орқали улкан ғалаба билан самимий қутлаб, уларни мамлакатимизнинг “олтин фонди” дея эътироф этди.

Дарҳақиқат, шахматчиларимиз томонидан эришилган ютуқ ёшлар орасида шахматнинг янада оммалашишида, ёшларни аниқ фанлар, ахборот технологияларини чуқур ўрганишида муҳим омил бўлади. Бугун юртимизда шахматга эътибор ҳар қачонгидан юқори. Соҳани ривожлантириш йўлида қабул қиланаётган норматив-ҳуқуқий хужжатлар ёш спортичилар учун мотивация, ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Шу пайтга қадар, спортнинг ушбу турини ривожлантириш бўйича Президентимизнинг бир нечта фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори халқаро даражадаги шахматчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал шахматга жалб этиш, нуфузли халқаро шахмат мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаш, жаҳон стандартларига мос келадиган шахмат инфратузилмасини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Олиб борилган тизимли ишларнинг натижасида бугун ёшларимиз дунёнинг 180 дан ортиқ давлатлари ичида кучли рақиблар қаршилигини енгиб ўтиб, юксак ғалабага эришди.

Шунингдек, қарорда “Тўдакўл” дам олиш базаси ҳудудида халқаро шахмат мактабини ташкил этиш, бу мактабда халқаро даражадаги шахматчиларни тайёрлаш, халқаро даражадаги шахматчиларни тайёрлаш учун шахмат бўйича юқори малакали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан жаҳоннинг машҳур халқаро гроссмейстерларини кенг жалб этиш орқали тренерлар таркибини мустаҳкамлаш, шахматчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Бундан ташқари, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан шахматчиларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш, шахмат бўйича терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий мусобақаларни ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш масалалари қарорда ўз аксини топган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шахматчи ёшларимиз ғалабаси билан бир қаторда 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг Ўзбекистонда ўтказилишига эришилгани эса, яна бир катта ютуқдир. Шахматчи ёшларимиз янги Ўзбекистон йилномасига янги саҳифа олиб кирди. Ғалабалар бардавом бўлсин!

 

 

 

 

 

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 

Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+