Ўзбекистон дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди

31.08.2021 14:08:35

Охирги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.

Айниқса, ана шундай эътибор ёшларга берилгани туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошгани, ушбу соҳа ривожида муҳим ўринни эгалламоқда. Жорий йилда 92 мингдан зиёд ёшларнинг инновацион лойиҳалари учун 2,3 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани бундай ёшларимиз сафини янада кенгайтиришга сабаб бўлди.

Хусусан, шу йилнинг 8 ойи мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 430 минг нафар ёшларга муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Бу эса жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда эса 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади, деганидир.

Бу жараёнда биз қонун ижодкорлари зиммасига ҳам қатор масъулиятли вазифалар юклатилганки, улар ижросини таъминлаш янгидан янги қонун ҳужжатларининг яратилишига сабаб бўлаётир. Соҳага оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сезиларли даражада ўзгармоқда, айрим лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштиришда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этиляпти.

Масалан, мамлакатимизда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка кенг эркинлик бериш борасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида илғор хорижий тажрибалар ўрганиляпти. Жумладан, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қўллаб-қувватланди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади, тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда айрим солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади.

Сирасини айтганда, кўрилган бу каби чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш-2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Албатта, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки у бола-чақасидан қийиб, тўплаган мол-мулки, пулини янги иш очишга сарфлайди. Бир ўзига эмас, кўпга фойда бўлишини ўйлайди. Зотан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш – фуқаролар, халқимиз фаровонлигини оширишнинг энг самарали йўлидир.

 

 

Дилшод ҲАМЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+