Ўзбекистон — ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва кўпқиррали шерикликни ривожлантириш тарафдори

23.09.2021 12:09:37

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, жадал ислоҳотлар, дунёдаги етакчи давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги стратегик пешқадамлик Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузини кескин оширди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар бўлган мамлакатларимиз кўпгина минтақавий ва глобал масалалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт бўйича яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишни бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётини тубдан янгилаш, жамиятимизнинг янги, демократик қиёфасини яратишга қаратилган ислоҳотларни бошланганлиги юзасидан билдирган асосли ва амалий фикрлари, ғоялари кўпчилик иштирокчиларда шубҳа уйғотгани сир эмас.

Бинобарин, БМТнинг юздан ортиқ давлатлари янгиланаётган, янгитдан ўзлигини дунёга тан олдираётган Ўзбекистон билан тенглашишга ўзларида куч топа олишларига бизда ҳам шубҳа бор эди.

Президент таъкидлаганларидек, Янги сиёсий Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Бизнинг очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритишимизда Марказий Осиёдаги қўшниларимиз, бутун жаҳон ҳамжамияти, узоқ-яқиндаги давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, тобора глобаллашиб бораётган бугунги дунёдаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, энг ривожланган мамлакатлар сафига киришдек амалий саъй-ҳаракатлар мужассам.

Айнан ушбу мақсадлар куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги видеомурожаатида ўз аксини топди. Пандемия, демократик ислоҳотлар, Афғонистон ва иқлим ўзгариши юзасидан фикр билдириб, “Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда” – деб таъкидлади.

БМТга аъзо давлатлар делегациялари глобал ва минтақавий хавфсизлик, COVID-19 пандемияси шароитида барқарор тараққиёт ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Дарҳақиқат, дунё ўзгармоқда, халқларнинг дунёқараши ўзгармоқда, умуминсоний қадриятлар мезони ўзгармоқда. Бундай таҳликали, қалтис вазиятда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши долзарб масаладир.

Шу билан бирга, COVID-19 пандемияси шароитида БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролининг аҳамияти ҳам Президент томонидан “Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу борадаги амалий ҳиссамиздир”, - дея эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар натижаларига тўхталар экан, иштирокчилар эътиборини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлиги, гендер тенглик, миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, камбағалликни камайтиришга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганига қаратди.

Умуман олганда Ўзбекистон лидерининг БМТ Бош  Ассамблеясининг ҳар бир сессиясида актуал, глобал, аҳамиятли ва залворли ташаббуслар билан чиқиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бу каби инновацион ғоялар замирида Ўзбекистоннинг ўзи улкан бир мулоқот ва музокара, келишув ва маслаҳатлашувлар амалий майдонига айланиб бораётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

Жумладан, пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш, глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш, дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётганини инобатга олиб шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган  Халқаро конференцияни ўтказиш каби ташаббуслар Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасига киради.

Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, “Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир. Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми. Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан  нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим”.

Бу каби кучли чақириқларнинг ўзиёқ ички ва ташқи сиёсатнинг бир-бирига нақадар боғлиқ ва ҳамоҳанг эканини кўрсатмоқда. Яна бир муҳим томони шундаки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари ва глобал ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва кўпқиррали шерикликни ривожлантиришга доимо тайёр.

Зеро Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан бўлган давлатдир.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+