Ўзбекистон – Қирғизистон: самарали кечган ташриф

16.03.2021 11:03:27

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифи жуда самарали якунланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кенг муҳокама қилдилар.

Мазкур ташрифни ҳақли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга амалга оширган тарихий ташрифининг мантиқий давоми деб аташ мумкин. Зеро, ўшанда икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очилган эди. Шундан бери борди-келди алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Масалан, 2017 йилдан бери Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида 18 та назорат пункти очилди. Бу эса икки мамлакат фуқароларига анча қулайлик яратмоқда. 2019 йилда 4,6 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга, Қирғизистоннинг эса 1,4 миллион фуқароси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу олдинги даврларга нисбатан анча кўпдир.

Президент Садир Жапаровнинг ташрифи давомида эса мана шу кузатилаётган ўсиш суръатларини изчил давом эттиришга келишиб олинди. Айниқса, икки давлат раҳбарларининг ўзаро мулоқоти жуда илиқ ва дўстона руҳда ўтгани барчамизни қувонтирди. Давлат раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини кенг муҳокама қилдилар. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қирғизистон билан жиддий ва кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканлигини, унинг ҳақиқий натижаларини ўзбек ва қирғиз халқлари ўзларида ҳис қилишлари кераклигини алоҳида таъкидлади.

Музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланганининг ўзиёқ ушбу ташриф нечоғлик катта аҳамиятга эга бўлганидан далолат беради. Томонлар товар айланмасини кўпайтириш, корхоналар ва бизнес объектлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Қирғизистон-Ўзбекистон инвестиция фондини яратиш, транспорт-коммуникация имкониятларидан самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, чегара масалаларини ҳал қилиш, таълим, маданият, соғликни сақлаш каби йўналишларда муҳим келишувларга эришдилар.

Икки давлат раҳбарлари музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнотни қабул қилдилар. Унга кўра, томонлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишонч муносабатларини фаол равишда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олдилар.

Маълумки, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. 1991 йилдан бери икки мамлакат парламентлари вакилларининг 20 дан ортиқ ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Олий Мажлисда Қирғизистон парламенти билан, Жокорку Кенешда эса Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.

Президент С.Жапаров ўз ташрифи давмида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари Н.Исмоилов ва Т.Норбоева билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувларда томонлар икки мамлакат қонунчилик органлари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари раҳбарларининг ўзаро ташрифлари амалиётини давом эттириш, қонун ижодкорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш шафеълигида минтақалараро форумлар ўтказиш, икки мамлакат Президентлари музокараларида эришилган келишувларни амалга оширишда парламентларнинг ролини оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Қирғизистон Президенти Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлар экан, пандемия сабабли қолдирилган тадбирлар, шу жумладан икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг Учинчи йиғилиши яқин орада бўлиб ўтишига умид билдирди.

Умуман, Қирғизистон Президентининг ташрифи жуда самарали якунланди. Томонлар, келгусида икки қўшни мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришда хоҳиш ҳам, интилиш ҳам, сиёсий ирода ҳам борлигини намойиш қилдилар. Галдаги вазифа мана шу аҳдлашувларни ҳаётга тўлиқ жорий этишдан иборат. Зеро, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида барча йўналишларда самарали ҳамкорликни жадал ривожлантириш икки қардош халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва

парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+