Ўзбекистон — Саудия Арабистони: алоқалар янги босқичга чиқади

22.08.2022 09:08:54

Осиё қитасининг жанубий-ғарбида жойлашган Саудия Арабистони бугунги кунда дунёда улкан молиявий-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб бораётган давлатлардан бири саналади. Мана 31 йилдирки, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида дўстона алоқалар ривожланиб бормоқда. Ушбу икки халқни нафақат яқин тарихий, маданий ва маънавий қадриятлар, балки аҳолиси ва ҳудудлар сони жиҳатидан ҳам бир бирига ўхшашлик боғлаб туради. Айни кунда подшоҳликда 34 млн. дан ортиқ аҳоли 14 та географик ҳудудда истиқомад қилиб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Саудия Арабистони билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари йил сайин ривожланиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда ушбу мамлакатдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 88 минг долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил якунига келиб бу кўрсаткич 1,5 млрд. доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Юртимизда Саудия Арабистони капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 4,1 баробарга ошиб, ўттиз саккизтага етди. Савдо ҳажми эса, 1,2 баравар ошди.

Президентимизнинг 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигига қилган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқувчи янги бир даврни бошлаб берди. Мазкур ташриф доирасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг музокаралари бўлиб ўтди. Мулоқот жараёнида сўнгги йилларда турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан таъкидланди.

Жумладан, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари мунтазам ўтказиб келинаётганлиги, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб, қўшма корхоналар ташкил этилганлиги эътироф этилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Ишбилармонлар учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Эътиборли жиҳати, ташриф чоғида ташкил этилган Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли якунланиб, энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.

Шу билан бирга, томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада яхшилаш, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикрда эканликларини билдиришди.

Дўстона мулоқот руҳида кечган учрашувлар якунида Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди. Хусусан, икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат имзоланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассирни қабул қилиб, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар, эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқади.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+