Ўзбекистон-Венгрия: Ўзаро стратегик ҳамкорликнинг янги босқичига қадам

07.10.2022 16:10:00

Давлатнинг ривожланиши ва юксалишида ички ислоҳотлар билан бир қаторда дунё давлатлари билан ҳам кўп томонлама ташқи алоқаларнинг ўрни жуда муҳимдир. Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугун барча соҳаларда туб ўзгаришлар бўлмоқда. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати бугун изчил амалга оширилмоқда. 3-4 октябрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев стратегик мақсадларни ҳамда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Венгрия давлатига ташриф буюрди. Бу ташриф икки халқнинг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари, дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш учун яна бир муҳим пойдевор вазифасини бажаради. Жорий йил Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 30 йил тўлди. Бу даврда Венгрия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инновацион, ирригация, илмий, маданий ва туристик соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, парламентлараро алоқани ривожлантириш мақсадида 2020 йилдан буён Ўзбекистон Олий Мажлисида Венгрия Миллий Мажлиси (парламенти) билан бирга тузилган парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолият юритиб келади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораяпти. Сўнги йилларда икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошди. Шунингдек, Венгрия ташаббуси билан “Хунгарикум” дастури доирасида ҳар йили ўзбекистонлик талаба ва докторантлар таълим олиши учун квоталар сони 170 тагача оширилди. Бундан ташқари “Stipendium Hungaricum” грант дастури доирасида жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги изланувчиларга таълим дастури таклиф этилилиб, Этвош Лоран номидаги илмий-тадқиқот тармоғи билан ҳамкорликда Венгриянинг етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг лабораторияларида илмий изланишлар олиб бориш учун стажировкалар ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш, сармоядорларни ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилиш мақсадида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиб бир қатор келишувларга эришилди. Жумладан, устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши, фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминланиши ҳамда бизнес форумда умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам икки томоннинг ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлиги, давлатларнинг ўзарао савдо-иқтисодий алоқаларини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Бугун  Венгрия давлатида саноатнинг бир қанча турлари ривожланган бўлиб,   хусусан, қишлоқ хўжалиги Шарқий Европада энг ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат ҳудудининг 70 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги ерларидан иборат бўлиб, асосий ўринни деҳқончилик эгаллайди. Бундан ташқари машинасозлик, қора ва рангли металлургия, электроника саноати ҳам ишлаб чиқаришда юқори кўрсатичга эга.

Стратегик шерикликни янада ривожлантириш, сёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, қишлоқ хўжалиги, ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида 15 та ҳужжат имзоланди. Жумладан:

- 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур;

- Фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси;

- Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси;

- Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

- Фанни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди. Бундан ташқари тузилган ўзаро келишувларни амалиётга тадбиқ этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Будапештда дипломатик миссиясини очишга келишиб олинди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, имзоланган истиқболли келишувлар икки халқнинг муштарак мақсадлар йўлида биргаликда ҳаракат қилиши учун янги босқични бошлаб берди.

 

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракция раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+