Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд нуфузли саммитни ўтказиш учун тайёр

14.09.2022 17:09:52

Айни кунларда қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини кўтаринки руҳда ўтказиш учун ўзгача кўриниш ва қиёфа касб этган ҳолда тайёрланди.

Жумладан, ушбу муҳим тадбир олдидан 212 гектар майдонда улкан “Боқий шаҳар” мажмуаси бунёд этилди. Мажмуа ҳудудида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази, 2 та беш юлдузли, 6 та 4 юлдузли меҳмонхона, 1 та  Конгресс ҳолл ва 1 та карвонсарой бунёд этилиб фойдаланишга топширилди.

Албатта, бундай юқори нуфздаги анжуманни Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг яна бир қатор ўзига хос жиҳатлари бор. Азалдан Самарқанд дунё халқлари маданияти ва сивилизациялари туташган, миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга бўлган шаҳар ҳисобланади. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган.

Шу боис,  Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоизидан ортиғини эгаллаган, дунё аҳолисининг қариб ярими истиқомад қиладиган, маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма бўлган ШҲтнинг 22-саммити айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда.

Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари эса, дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омили бўлган самарали халқаро ҳамкорлини ривожлантириш, замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўлларни ишлаб чиқувчи мулоқот майдонига айланади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, нуфузли анжуман олдидан чоп этилган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муҳим фикр-мулоҳаза ва таҳлилларини ўз ичига олган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақола ташкилот ва унинг фаолияти ҳамда Самаранд саммити энг аввало ташкилотга аъзо мамлакатлар аҳолиси, шу билан бирга дунё ҳамжамияти учун қандай имконият ва янгиликлар яратиб бериши мумкинлигига оид кўплаб саволларга жавоб бўлганлиги билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари ўз мақоласида бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорлик эканлиги, айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозимлигини таъкидлаган.

Жумладан, кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан мана шундай мақсад ва вазифаларни кўзлаган ташкилот ҳисобланади. Боиси, бу ташкилот маданий-цивилизацион қарашлари турлича, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилмадир. Ушбу ташкилот фаолиятида барча аъзо давлатлар манфаатлари ҳудуди аҳоли сони ва иқтисодий қудратидан қатий назар тенг манфаатларга асосланган ҳолда олиб борилади. Бу жиҳатлар эса, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида илгари сурилаётган мақсадларга тўлақонли ҳамоҳанг саналади.

Шунингдек, мазкур мақолада акс этган жиҳатлар бугунги кунда глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганлиги, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар, глобал иқлим ўзгаришлари, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг танқислигининг ортиши, хавфли юқумли касалликлар тарқалиши сингари глобал муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солаётганлиги алоҳида таъкидланган.

Шу боисдан, Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантириш стратегиясига қаратди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг 2021-2022 йиллардаги ташкилотга раислик даврида 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларнинг 30 таси тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида ўтказилган бўлиб, улар доирасида ШҲТ ривожининг янги динамикасини белгилаш, унинг ортиб бораётган салоҳияти янада ривожлантириш ҳамда бугун дунёда рўй бераётган таҳдидларга муносиб жавоб бериш қобилиятини мустаҳкамалаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган 14 та янги консептуал ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Ишончим комилки, Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича келишилган қарорлар қабул қилиш платформасига айланади, шунингдек ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга улкан ҳисса қўшади.

 

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+