Қимматбаҳо металлар билан шуғулланувчилар учун 2 та лицензия ҳамда 2 та руҳсатнома олиш тартиби бекор қилинади

07.09.2020 17:09:37

Бугунги кунда жамият бошқарувида ва қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашда кенг жамоатчилик иштироки кун сайин ортиб бормоқда. Биргина «Mening fikrim» веб-портали орқали фуқаролар ўз ташаббусларида қонунчиликдаги бўшлиқлар ҳақида фикрларини электрон мурожаат шаклида жойлаб қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритишга эришишмоқда.

Жорий йил 7 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилган ва белгиланган тартибда 10 минг овоз тўплаб тегишли тартибда кўриб чиқиш учун депутатлар ташаббуси сифатида Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Фракция депутатлари таъкидлаб ўтганидек, қонун лойиҳаси билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда маъмурий жарима солган ҳолда транспорт воситасини ушлаб туриш тартибини бекор қилиш белгиланмоқда.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари томонидан мазкур лойиҳа билан қонунчиликка киритилаётган тегишли ўзгартириш билан фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари кафолати яна ҳам мустаҳкамланаётгани эътироф этилди. Шунингдек, алоҳида таъкидланганидек, бу амалиёт жаҳон тажрибасида бор бўлиб, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқи дахлсизлиги бир қатор хорижий давлатларда ҳам кафолатланган. Хусусан, АҚШнинг Шимолий Королина, Виржиния, Миссисипи штатларида, Германия, Англия, Беларусь ва Россияда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортилишлари белгиланган бўлиб, транспорт воситасини ушлаб туриш назарда тутилмаган.

Йиғилишда фракция аъзолари ушбу нормалар “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларига мос эканлигини таъкидлашди. Жумладан, партия Сайловолди дастурида фуқароларнинг мулкий дахлсизлигини таъминлаш ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган рақобатни қўллаб–қувватлаш, мулк дахлсизлиги ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, депутатлар тадбиркорликнинг бир тури бўлган олтин қидирувчилар усули билан олтин қазиб олишни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ер қаъри участкаларини самарали ўзлаштириш ҳамда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг ҳуқуқий кафолатини яратиша қаратилган “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ҳам муҳокама қилишди.

Баҳс ва мунозаралар жараёнида фракция аъзоси Дилшод Ҳамзаев томонидан, қонуннинг қабул қилиниши билан амалдаги 2 та лицензиялаш тартиби ҳамда 2 та рухсатнома бериш тартиби бекор қилиниши ижобий ҳолат эканлигини таъкидлади. Жумладан, эндиликда қимматбаҳо ва нодир металларни, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш учун ва қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ҳамда бошқа буюмларни ишлаб чиқариш фаолият турлари учун лицензия олиш бекор қилинди. Шунингдек, қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар билан ишлашда ва заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган бошқа буюмлар сотиш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинди.

Фракция йиғилиши якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+