Қўмита раиси соғлиқни сақлаш вазирига таклиф берди

24.02.2021 19:02:02

Қуйи палатадаги Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Елена Борисова 22 февраль куни Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан ўтказилган парламент эшитувида соғлиқни сақлаш вазирига таклиф берди.

Қўмита раисининг қайд этишича, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга. Чунки дунёда эпидемиологик хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган бир шароитда касалликларга қарши курашишда янгича ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Қонунчилик палатасидаги Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси аъзолари, шунингдек, депутатлар жойларда бўлиб, аҳолининг сиҳат-саломатлиги ҳолатини аниқлаш жараёни қандай кечаётгани, уларнинг тегишли гуруҳларга, яъни таянч, паст хавф, ўрта хавф, юқори хавф гуруҳларининг қандай шакллантирилаётганини ўрганишди.

Депутат бу жараёнда “Ҳатлов” дастури қандай ишлашига, мамлакат раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонида белгиланган вазифалар қандай бажарилаётганига масъул вазирлик эътиборини қаратди. Халқ вакилларининг тиббиёт ходимлари, аҳоли билан мулоқотлари чоғида “Ҳатлов”ни самарали ўтказиш, бу бўйича маълумотларни таҳлил қилиш, истиқболда ўрта хавф ва юқори хавф гуруҳларига мансуб аҳоли соғлиғини яхшилаш билан боғлиқ кўплаб саволлар кўтарилаётганини билдирди.

Е. Борисова коронавирусга қарши эмлашда барча муҳим омиллар инобатга олинишини таъкидлаган ҳолда, ҳозирда 3 138 та эмлаш пункти, 862 та мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилаётганига урғу берди. Айни шу жараёнда аҳоли билан, ҳар битта оила билан қандай иш олиб борилиши кераклиги билан қизиқди. Ва шу ўринда соғлиқни сақлаш вазирига ўз таклифларини билдирди. Чунончи, бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада самарали ва мақсадли амалга ошириш учун ушбу масалани Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан муҳокама қилиш зарурлиги, қолаверса, мазкур тадбирларда шифокорлар иштирок этишини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

Манбаа:parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+