Қонун лойиҳалари: фракция муҳокамасида

12.02.2021 13:02:10

Жорий йилнинг 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда партия депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Эътироф этилганидек, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиниб халқимизнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида янада такомиллаштирилди. Давлат дастури мамлакатимиз Президентининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган долзарб муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўллари ва механизмлари белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда таъкидланганидек, фракция аъзолари томонидан умумхалқ муҳокамасига қўйилган дастур лойиҳасига 100 га яқин асослантирилган таклифлар берилганди. Уларнинг аксарияти Давлат дастурига киритилди. Хусусан, пандемия шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етарлича шароитлар яратишни давом эттириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларини ривожлантириш ва унга ёшларни қамровини кенгайтириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича иқтидорли мутахассисларни нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда тайёрлашнинг самарадорлигини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифлар шулар жумласидандир.

Фракция аъзолари ушбу дастурий ҳужжатни қўллаб-қувватлаган ҳолда, унинг ҳар бир банди ва йўналиши ижросини таъминлаш парламент ва сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклашини таъкидладилар.

Айниқса, Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган қонун лойиҳалари, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди мақсадларига мос равишда кам таъминланган ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга бепул юридик ёрдам кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этишни назарда тутувчи “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги, маҳаллий ижро ва вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди. Ушбу жараёнда аҳолининг кенг қатлами, мутахассислар, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муҳокамалар ўтказиб, уларнинг таклифлари асосида қонун лойиҳаларини такомиллаштириш лозимлиги белгиланди.

Шунингдек, депутатлар Давлат дастурида давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлашга қаратилган вазифалар белгиланганини алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, фракция аъзолари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилиши, давлат бошқаруви ходимларининг сонини ўртача 15 фоизга оптималлаштириш, маҳалла раисига Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш масалалари Дастурдан ўрин олганини алоҳида таъкидлашди.

Муҳокамалар жараёнида, айниқса, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига қаратилган ислоҳотларнинг ижросини назорат қилишда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси ва фаолларидан янгича ёндашув, ташаббускорликни талаб қилиши қайд этилди.

Шунингдек, 2021 йилдаги Президент сайловларида муносиб иштирок этишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва партиянинг парламентдаги фракция аъзолари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз электорати вакиллари билан ишлаши, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилишдаги иштирокини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан ташқари, Давлат дастурининг жамиятда хотин-қизларнинг мавқеини мустаҳкамлаш йўналишида белгиланган вазифалар ҳам партия дастурий мақсадларига тўла ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.

Депутатлар ҳар ойда сайлов округларида ўтказиладиган учрашувларда Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилиш ҳамда унда белгиланган устувор вазифаларнинг жойларда самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.

 

Йиғилиш якунида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 

фракция маъсул котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+