Ресурс тежамкор, омилкор ва серҳосил қишлоқ хўжалиги халқимизга мададкор

01.03.2021 22:03:09

Тез кунларда ўлкамизга баҳор фасли кириб, она табиат қайтадан уйғона бошлайди. Ғанимат кунларнинг қадрини биладиган асл деҳқонларимиз, томорқа эгалари ерларда экин-тикин ишларини юритишга шай бўлиб турибди. Зотан, халқимиз кўкламнинг бир куни йилни боқади, деб бежиз айтмаган.

Кўклам ташвишларига тайёргарлик кўриш қизғин паллага кирган даврда, қишнинг сўнгги кунларида, яъни 24 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳам ерга меҳр берган, унинг қадрини билган, ер билан тиллаша олган фермер ва деҳқонларимизнинг кўнглини кўтарди, десак муболаға бўлмайди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, ресурстежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратар экан, экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлигини ўринли қайд этдилар.

Дарҳақиқат, биргина Тошкент вилояти мисолида олайлик. Минтақа республика қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 10 фоиздан ортиғини етиштириб беради. Вилоятнинг 56 фоиз саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган учта шаҳарлар (Олмалиқ, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарлари)да қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳатто 2 фоизни ҳам ташкил этмайди. Саноат ишлаб чиқаришида кам ҳиссани ташкил этувчи туманлар эса (Оҳангарон, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ, Оққўрғон, Паркент, Пискент) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг салкам ярмини (43,3 фоиз) беради.

Бу эса вилоят туманларининг маълум бир қисми саноатга, бошқалари эса қишлоқ хўжалигига ихтисослашганини кўрсатади. Йил якунига қадар
3 миллион гектар суғориладиган ерлар мониторинги, тупроқ таркиби ва экинлар ҳақидаги маълумотларни мужассам этган ахборот тизимининг йўлга қўйилиши вилоятлар, туманлар кесимидаги бўш ерлар ва уларнинг ҳақиқий ҳолати ҳақида реал вақт режимида хабардор бўлиш имконини оширади.

Яқин келажакда ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос интенсив кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилиши, маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олинганда, бунга кетган маблағнинг 20 фоизигача қисми тўлаб берилиши эса иш ўринлари ва аҳоли даромадини кўпайтиришга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлади.

Кези келганда таъкидлаш лозим, яқин ўтмишга қадар соҳани ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган Стратегия мавжуд эмас эди. Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан тасдиқланган Стратегия аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш каби мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишини белгилаб берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
9 октябрдаги Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилганлиги ҳамда унга сув хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юклатилди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида туб бурилиш ясаган Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент назоратини ўрнатиш, амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирликларнинг ахборотлари ҳар чоракда Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиб борилаётгани сайловчиларимиздан келиб тушаётган соҳага оид саволларга тўлиқ жавоб олишда қўл келмоқда.

Ҳар бир давлатнинг иқтисодиёти самарали ривожланиши учун иқтисодиётнинг барча тармоқлари муваффақиятли фаолият юритиши лозим. Қишлоқ ва сув хўжалиги ривожланган ҳудудларгина иқтисодий ўсишнинг юқори даражасига эришиши, бу билан аҳоли турмуш даражасининг ортишини таъминлаши мумкин. Зотан, ер — халқимиз  ва давлатимизнинг бебаҳо бойлиги. Сувни эъзозласак, ерга меҳр берсак, халқимизнинг усти бут, қорни тўқ бўлишда давом этади.

 

Дилрабо ХАЛБОЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+