Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш сиёсий тизим барқарорлигини таъминлаб беради

28.01.2021 16:01:41

Маълумки, сайловлар кишилик жамиятининг бир неча асрлик тарихий ривожланиши маҳсули бўлиб, давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шакллантириш мақсадида пайдо бўлган институтдир. Бугунги кунга келиб, жаҳондаги деярли барча мамлакатларда (мутлақ монархия бошқарувига эга бўлган мамлакатлар бундан истисно) давлат ҳокимияти ва ўз-ўзини бошқариш органларини шакллантириш билан боғлиқ бўлган демократик сайловлар сиёсий тизимнинг ажралмас таркибий қисмига айланиб бўлди. Ҳозирда  турли мамлакатларда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг ривожланиш даражасини уларда ўтказилган сайлов тизимини ифода этувчи сайловларни таснифлаш асосида белгилаш мумкин.

Замонавий дунёда сайловлар тобора оммавийлашиб, дунё мамлакатларида уларнинг сони йилдан йилга ошиб бораётганлигини кузатишимиз мумкин. Биргина 2019 йилда 40 дан ортиқ мамлакатларда  60 га яқин  сайлов кампанияси ўтказилганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистонда ҳам демократик ва эркин жамият яратишга қаратилган кенг қамровли ва изчил ислоҳотлар доирасида халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини таъминлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро демократик ва адолатли сайловлар – бу демократиянинг ўта муҳим ва зарурий шартларидан бири ҳисобланади. 

Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ва куни кеча қуйи палатанинг ялпи мажлисида биринчи ўқишда маъқулланган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сайлов лойиҳасининг асосий мақсади 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бу борада халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилишдан иборат.  

“Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар:

Қодир ЖЎРАЕВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда мустақилликнинг ўтган йилларида миллий сайлов қонунчилиги изчил тадрижий шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги яратилди. Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро нормалари ва принципларига мос равишда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Бироқ сайлов қонунчилиги шундай соҳаки, у мунтазам равишда замон билан ҳамнафас тарзда янгилаб боришни тақозо этади. Дунёнинг бирор бир  мамлакатида идеал сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат доимий равишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириб боради. Шу нуқтаи назардан, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокама қилинаётган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш йўлидаги навбатдаги қадам, деб баҳолаш мумкин.

Мазкур қонун лойиҳаси долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини такомиллаштириш ва сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Иномжон ҚУДРАТОВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

-Қонун лойиҳаси 2019 йил декабрида мамлакатимизда ўтган сайловларнинг натижасида билдирилган фикр-мулоҳазалар, хусусан, халқаро ташкилотларнинг бу борадаги таклифлари асосида ишлаб чиқилди. Чунки ушбу сайловлар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида илк марта амалга оширилган бўлиб, орттирилган тажриба, сайлов қонунчилиги ва амалиётимизда юзага келган айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган вазифаларни ҳам кўрсатиб қўйди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига,  20 дан ортиқ хорижий давлатлар сайловлар ўтказиш тажрибасига ҳамда сайловларга оид халқаро нормалар ва стандартларга таянилди.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига,“Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 3-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 29 та моддасига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Жумладан, парламент, Президент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловлари муддатларини декабрь ойидан октябрь ойига кўчириш таклиф қилинмоқда. Бу бир қатор омиллар билан боғлиқдир. Энг асосий омил, парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин қонунчиликда белгиланган муддатларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларини ўтказиш, уларнинг қўшма мажлисларида Бош вазир номзодини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси – Ҳукуматни шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўтказиш каби муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар янги йилнинг биринчи чорагига тўғри келмоқда. Бу эса Давлат дастурларини қабул қилиш ва тегишли йилга мўлжалланган бошқа ислоҳотларнинг март-апрель ойларига қадар сурилишига сабаб бўлмоқда.

Демак, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратилади; фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

Гулрух АГЗАМОВА, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

         Эътироф этиш лозимки, бугунги кунда миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Қонунчилик палатаси депутатларининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сайлов қонунчилигининг конституциявий асосларини такомиллаштириш орқали муҳим масалалар ўз ечимини топаётганлиги, хусусан, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловларни ўтказиш муддати ўзгартирилаётганлиги эътиборга лойиқдир. Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сайловларни молиялаштириш борасидаги мавжуд тартибнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштириш, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини ишлаш жараёнида хорижий экспертларнинг ҳам тавсиялари инобатга олинган, хусусан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланаётганлиги, сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилаётганлиги, сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилади ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади.

Нодира ЖАНИБЕКОВА, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳасига мувофиқ, халқ депутатлари туман(шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман(шаҳар) сайлов комиссияларига ўтказилиши назарда тутилмоқда. Қонунчиликдаги мазкур ўзгариш натижасида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5739та округ сайлов комиссиялари тугатилади ва  оптимизация  ҳисобига давлат бюджетининг 33,2 млрд сўм маблағ иқтисод қилинади.

Шу билан бирга, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби белгиланмоқда. Ҳолбуки, ўтган сайловларда хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари фақат дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида турсагина овоз бериш ҳуқуқига эга эдилар.

Шунингдек, қонун лойиҳаси орқали чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асосларининг  яратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2019 йилги парламент сайловларида мазкур амалиёт илк бор тажрибадан ўтказилди. Хусусан, Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари кўчма қутиларда овоз берган. Мамлакатимизда яратилаётган Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши айнан фуқароларнинг қаерда бўлишидан қатъий назар давлат ҳимоясида бўлиши, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳисобланади.

Сайлов қонунчилигига таклиф қилинаётган ўзгаришлар сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминлашга хизмат қилади.

Таваккал ЧОРИЕВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

-Қонун лойиҳасида қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби  белгиланмоқда. Бу норма келгусида Ўзбекистонда сайлов кампаниясини жаҳон стандартларига мос равишда ўтказиш, керак бўлса, айнан шу масалада Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш, дунё ҳамжамиятида республиканинг ижобий имижини яратишга қаратилган.

Шунингдек, сайлов комиссиялари аъзоларига ҳақ тўлаб бериш, компенсация тўлаш ҳамда иш ҳақини ҳисоблашнинг аниқ тартиби ўрнатилаётганлиги айни муддао бўлиб, қонун лойиҳасидаги ушбу норма сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишга масъул бўлган кўп минг сонли юртдошларимизнинг меҳнатини муносиб тақдирлашга қаратилган.

Абдуғани УМИРОВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

-Қонун лойиҳасида “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонун нормалари Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда Президент сайловини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда. Бу жуда ҳам тўғри ёндашув ҳисобланади. Зеро, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлганлиги сабабли сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади.

Музаффара АБДИЕВА, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

-Қонун лойиҳасида сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Хусусан, давлат хизматчиларига, агар улар ишончли вакил бўлмаса, шунингдек, ҳарбий хизматчиларга, диний ташкилотлар хизматчиларига, судьяларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланмоқда.

Қолаверса, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда.

Шунингдек, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунга сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботни ҳамда Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби киритилмоқда.

Таклиф этилаётган мазкур норманинг қабул қилиниши натижасида  сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга эришилади ва Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз сиёсий тизимини янада демократлаштириш ва сиёсий модернизация жараёнини чуқурлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+