Сайловда берилган ваъда бажарилиб, туман ва шаҳарлардаги маъмурий судлар бирлаштирилмоқда

27.11.2020 11:11:50

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция шаклидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги каби Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Дастлаб депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси билан ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг жиноятларни дастлабки тергови борасидаги дахлдорлиги, иш юритиш ваколатларининг аниқ механизмлари жорий этилмоқда. Эндиликда фуқароларнинг ҳаёти, жамият ва давлатнинг манфаатларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳамда бошқа коррупцион ва мансабдорлик жиноятлари прокуратура органлари томонидан, фуқароларнинг соғлиғи, мол-мулки, жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган ишлар эса ички ишлар органлари томонидан, мамлакат конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда бошқа манфаатларига қарши қаратилган жиноятлар бўйича дастлабки тергов амалга оширилиши давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан олиб борилиши назарда тутилмоқда.

Фракция азолари Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришлар қонунчиликдаги айрим “бўшлиқ”ларни тўлдириши, амалиётда айрим турдаги жиноят ишлари тергов қилинишида тергов органлари ўртасида келиб чиқаётган сансолорликларни бартараф этишини таъкидлашди. Аммо мазкур амалиётни жорий этишда жиноятларнинг терговга тегишлилиги масаласини ҳал қилишда биринчи навбатда тергов органларининг асосий вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишлари, тизимда шаклланган тажриба, мавжуд куч ва имкониятларни ҳам ҳисобга олиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам партия ва фракция позициясидан келиб чиқан ҳолда фикр ва таклифлар билдирилди.

Фракция йиғилишида кўриб чиқилган, тўлақонли “Адолат” СДПнинг адолатли ва инсонпарвар ғояларини ўзида мужассам этган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан 2021 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига бир қатор ўзгартиришлар киритилиши белгиланмоқда.

- Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

- Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастуридан:

Биз инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифини берамиз.

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда: “Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат”.

Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси, Грузия, Германия, АҚШ, Франция, Венгрия, Чехия, Литва, Латвия, Украина, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон каби давлатларнинг суд тизими, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар таркиби бўйича тажрибалари ўрганиб чиқилган.

Ўтган йили мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жамиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш тергов ҳамда суд тизими жараёнида қонун устуворлигига эришиш мақсадида бир қатор ҳаётий ташаббуслар илгари сурилган эди.

Жумладан, партия ўз сайловолди дастурида адолатнинг жамиятда қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта эканлигини, суд ҳокимияти мустақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши лозимлигини таъкидлаган. Бу ғояларни амалга оширишда Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижасини, айниқса, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлган омилларни танқидий ўрганиб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифларни илгари сурган эди.

Бугунги кунда судлар ихтисослашуви нуқтаи назарида алоҳида биноларда фаолият олиб бораётганлиги сабаб, кўплаб фуқароларимизнинг судлар орасида “копток” бўлиш ҳолати учраб турмоқда. Партия инсонлар сарсон бўлишиининг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга “халқ судлари” мақоми беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш таклифларини ташаббус қилган эди.

Мазкур ҳаётий ташаббуслар бугун чиндан ҳам жойларда фуқароларимиз энг кўп дуч келаётган оғриқли масала бўлганлиги сабаб ҳукумат ва тегишли соҳа вакиллари томонидан ҳам партия ғояси қўллаб-қувватланиб, қисқа фурсатда суд тизимида адолат тамойилини таъминлашга оид дастлабки қадам амалга оширилди.

Эндиликда қонун лойиҳасининг амалиётга жорий этилиши натижасида фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам берилиб, уларнинг муаммолари бир жойда ҳал этилишига эришилади. Суд тизимини бошқариш масалалари такомиллаштирилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш янада яхшиланади.

Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси, ҳаётийлиги ва инсон манфаатларига тўла мос келиши инобатга олиниб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан бирданига икки ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

Фарруҳ АБДУҲАМИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+