Самарқанд саммити ШҲТ мамлакатлари ва халқлари учун тўғридан-тўғри мулоқот майдонини яратиб бермоқда

16.09.2022 18:09:25

Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги бир даврда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги 22-саммити дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётни таъминлашнинг энг муҳим омилларини илгари сурувчи халқаро даражадаги тадбир сифатида намоён бўлмоқда.

Боиси, ушбу нуфузли тадбир доирасида дунё етакчилари томонидан энг аввало, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида яшовчи дунё аҳолиснинг яримининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатлар иқтисодий барқарорлигини таъминлаш билан бирга сайёрамиз тинчлигига оид бир қатор қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ҳамда ҳукуматлар вакиллари иштирокида бевосида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгатириш, стратегик шериклик ришталарини ўрнатишга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хитой, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Покистон, Беларусь каби давлатлар раҳбарлари билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига оид ўтказган учрашувлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Умуман олганда, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилмоқда. Бу эса эндигина 20 ёшга тўлган ушбу минтақавий Ташкилот томонидан дунёнинг барқарор ривожланишига қўшилаётган ҳиссасининг салмоғи юксак эканидан далолат беради.

Куни кеча эса, Эрон Ислом Республикасининг ШҲТ аъзоси мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Эроннинг ушбу ташкилот аъзолигига қабул қилиниши ШҲТнинг иқтисодий ва сиёсий имкониятларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнайди. Сабаби, Эрон дунёда бевосита чегарадош давлатлар сони бўйича энг катта мамлакат ҳисобланади. У Марказий Осиёни Яқин шарқ, Жанубий Осиё, Кавказ, Европа билан боғловчи чорраҳада жойлашган.  Энг асосийси, Эрон орқали ШҲТга аъзо бир қатор давлатларнинг Чабаҳар денгиз портлари орқали Европа, Яқиншарқ мамлакатлари билан савдо қилиш имкониятлари кенгаяди.

Янги синовлар ва имкониятлар вужудга келаётган бугунги дунёда ШҲТнинг трансформацияси ва юксалиши учун нафақат аъзолар сонининг кўпайиши ҳисобига, балки ташкилот ривожининг янги стратегик йўналишларини илгари суриш орқали кенг истиқболлар мавжуд. Бу ўринда гап транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим йўналишлар ҳақида бормоқда. Бугунги нуфузли анжуман эса, амалдаги ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш ҳамда ҳали фойдаланилмаган имкониятларни ишга солишни бошлаб берувчи тадбир сифатида баҳоланмоқда.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олгач, асосий эътиборни ҳамкорликнинг янги уфқларини очиш ва ҳар бир иштирокчи мамлакатнинг фойдаланилмаган резервларини ишга солиш орқали Ташкилотни жадал ривожлантиришга қаратди.

Жумладан, ташкилотга раислик даврида бевосита Ўзбекистон ташаббуси билан 80 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларнинг 30 таси тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида ўтказилган бўлиб, улар доирасида ШҲТ ривожининг янги динамикасини белгилаш, унинг ортиб бораётган салоҳияти янада ривожлантириш ҳамда бугун дунёда рўй бераётган таҳдидларга муносиб жавоб бериш қобилиятини мустаҳкамалаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларини мазмунан ва институционал жиҳатдан кенгайтиришга қаратилган 14 та янги консептуал ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди. Анашундай ишлаб чиқилиб қабул қилиниши кутилаётган яна бир муҳим ҳужжат – ШҲТга аъзо давлатларнинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга оширишнинг Комплекс режасидир.

Хулоса қилиб айтганда,Самарқанд саммити савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш алоқаларининг жиддий узилишига олиб келган уч йиллик “пандемия танаффусидан” сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқлари учун тўғридан-тўғри мулоқот майдонини яратиб бермоқда.

 

Мавлуда Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+