Самарқанд саммити – ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга кирди

19.09.2022 15:09:56

15-16 сентябрь кунлари бутун дунё нигоҳи шарқ гавҳари, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандга қаратилди. Ер юзининг сайқали бўлган шаҳар бугун дунёдаги энг нуфузли, обрўли халқаро тузилмалардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг йигирма иккинчи саммитига мезбонлик қилди.

Саммит доирасида 40 дан зиёд шартнома ва ҳужжат имзоланди. Ана шу келишувлар ўзгараётган дунёнинг сиёсий-дипломатик муҳитига ўзаро боғлиқликда ривожланиш руҳини сингдириши айтилмоқда. Бу ҳақли равишда янги Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузини ошириб, халқимизга юксак фахр-ифтихор бағишлайди.

Қайд этилганидек, ШҲТга Ўзбекистон мезбонлик қилган даврда пандемия шароити бўлганига қарамай, 80 дан ортиқ тадбир самарали ўтказилди. Шунингдек, бу даврда “Шанхай руҳи”ни нафақат сақлаб қолиш, балки уни сезиларли даражада оширишга муваффақ бўлинди. Самарқанд саммити ШҲТ Хартияси имзоланганига 20 йил тўлган вақтда ўтганини ҳам қайд этиш зарур.

Айрим халқаро ва минтақавий ташкилотлар нуфузи йўқолиб бораётган бир даврда ШҲТ оиласининг ҳам географик, ҳам сон жиҳатдан ортиб бораётгани унинг муваффақият формуласи билан боғлиқ. Мазкур формуланинг сири ташкилот кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, фаолиятида мафкуравий догма йўқлиги, умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган меъёрларга амал қилиш тамойилида фаолият юритиши, деб ўйлаймиз.

Президентимиз Самарқанд саммитида сўзлаган нутқида қатор ташаббусларни илгари суриб, хусусан, кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, кўп жиҳатдан аллақачон замонавий ҳаётни белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратиш, фақат кучларни бирлаштириш орқали бир пайтнинг ўзида ахборот маконидаги таҳдидларни камайтира борган тақдирдагина рақамлаштириш афзалликларидан тўла фойдалана олишимиз мумкинлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани алоҳида тилга олинди.

ШҲТ Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва дунё аҳолисининг ярми яшайдиган мамлакатларни бирлаштирадиган халқаро платформадир. Шу боис, мазкур ташкилот учун кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари нафақат минтақавий, балки халқаро аҳамиятга ҳам эга.

Саммит доирасида имзоланган муҳим ҳужжатлардан бири Эрон Ислом Республикасининг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисида меморандум имзоланиши бўлди. Келгуси жараёнда Эрон ШҲТ Хартияси ва бошқа қатор фундаментал ҳужжатларга қўшилиши зарурлигини билдиради. Умуман олганда, Эрон ташкилотнинг 40 дан ортиқ ҳужжатини ратификация қилиши зарур. Шундагина ташкилотгаа тўлиқ аъзо мақоми берилади.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида мунтазам равишда олий таълим муассасалари ректорлари форумини ташкил этиш ташаббусини билдирди. Мазкур ташаббус амалга ошса, ШҲТга аъзо давлатлар ректорлари тажриба ва фикр алмашиши учун қулай имконият яратади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган даврда амалга оширилган ишларнинг якуний ҳисоботини ҳамда ташкилот олдида турган глобал муаммоларни ечиш бўйича таклифлар берди. Шунингдек, ўз маърузасида дунёда кўплаб муаммолар вужудга келаётганини таъкидлаб, пандемия, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика масалалари билан боғлиқ муаммоларни санаб ўтди. Ўз навбатида, уларнинг ечимини топиш учун қатор ташаббусларни илгари сурди. Ана шундай ташаббуслардан бири Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш таклифи бўлди.

Саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида битим имзолангани тарихий воқеа, дея баҳоланди. Президентимиз стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўли қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди. Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили ШҲТнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Муҳим ташаббуслардан яна бири қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва қайта ишлаш дастурлари, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантириш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш бўлди.

Бу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида урғу берди. Бу жуда муҳим ташаббус. Саммит доирасида Эрон раҳбари билан учрашувда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган эди. Шу билан ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори экани таъкидланди. Шу билан бирга, Президентимиз ШҲТ давлатларида келгуси йилни Туризмни ривожлантириш йили, деб номлашни таклиф этди.

ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қилади. ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси сони эса қарийб 3,5 миллиард кишига етади. Ер юзида 7 миллиард 800 миллион инсон борлигини инобатга олсак, бу дунё аҳолисининг қарийб ярми деганидир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда,  Туризмни ривожлантириш йилида сайёҳлар оқими кўпаяди. Бу нафақат мамлакатларимиз иқтисоди юксалишига, балки маданий-гуманитар алоқалар ривожланишига ҳам ижобий таъсир ўтказади.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг  Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини муст аҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган. Жами 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир.

Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити конструктив мулоқот, ўзаро тушуниш, яхши қўшничилик ва дўстона руҳда ўтганини маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳам таъкидламоқда.

 

Махфурат ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+