Самарқанд саммити ташқи сиёсат бобида турли устуворликларга эга бўлган давлатларни бирлаштирди ва муросага келтирди

19.09.2022 15:09:12

Сўнгги кунларда жаҳоннинг  барча нуфузли нашрларига оид манбаларда  бир овоздан Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити тарихий аҳамият касб этди дея баҳоланмоқда.

Бу сиёсий эътирофда муболағага асло ўрин йўқ. Дарҳақиқат, саммитда Қатар, Саудия Арабистони, Миср, Малдив ороллари, Бахрайн ва Мянма каби давлатларни “мулоқот шериклари” сифатида қабул қилиш масаласи муҳокама этилгани муҳим масала ҳисобланади. Негаки, дастлаб Осиё давлатларини қамраб олган ташкилот эндиликда Африка қитъаси мамлакатларнинг жиддий диққат эътиборни қозонгани ва қудратли бирлашма сифатида тан олинганидан дарак беради.

ШҲТ 2001 йилнинг июнь ойида ташкил этилган бўлсада, аслида у 1996 йилда “Шанхай бешлиги” сифатида вужудга келган. Унинг асосий вазифаси минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш эди. Ҳозир эса ташкилотга Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Бу давлатлар Евроосий ҳудудининг ярмидан кўпини эгаллайди ва уларда дунё аҳолисининг деярли ярми истиқомат қилади. Шундай экан, ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот сифатида шаклланди ва ташаббускор иттифоқ бўлиб дунё сиёсий майдонида ўз нуфузли ўрнини эгаллаб олмоқда.

Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ушбу саммитда кузатувчи мақомига эга бўлди. Туркия, Арманистон ва Озарбайжон давлатлари ҳам мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга.

Айтиш керакки, ушбу саммитда 15 та давлат раҳбарларининг қатнашуви илк бора юз берган бўлиб, БМТ Бош Ассамблеясини ҳисобга олмаганда, бундай таркибда Осиё давлатларининг энг йирик вакиллик саммити бўлди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш даврида ўзини халқаро майдонда ҳар томонлама узоқни кўрувчи, жаҳон ҳамжамиятини тинчлик ва барқарорлик шоири остида бирлаштирувчи, хавфсизликни таъминлаш борасида конструктив мулоқотга киришувчи, иқтисодий барқарорликнинг бўлажак истиқболи юзасидан чора-тадбирларни белгилай олувчи ҳамкор давлат сифатида намоён этди.

Бунда устувор йўналишлар қуйидагича белгиланди:

  • ШҲТнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасидаги салоҳиятини кучайтириш;
  • Дўстлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш;
  • Ахборот-мафкуравий соҳасидаги таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;
  • ШҲТга аъзо давлатларнинг парламентлараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
  • ШҲТ фаолиятида иқтисодий жиҳатни мустаҳкамлаш;
  • ШҲТ маконида транспорт алоқасини ривожлантириш;
  • ШҲТнинг маданий-гуманитар йўналишини мустаҳкамлаш;
  • Ўзаро таъсир механизмларининг самарадорлигини ошириш;
  • ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси ШҲТга раислик даврида амалга оширган юқори даражадаги чора-тадбирларнинг мантиқий давомини таъминлаш мақсадида Саммитда қуйидаги ташаббусларни эълон қилди:

- ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти жараёнини бошлаш;

- ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш;

- ШҲТнинг йирик савдо ярмаркасини ўтказиш;

- ШҲТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш;

- ШҲТ транспорт форумини ўтказиш;

- Тошкент шаҳрида ҳудудлараро ўзаро боғлиқлик марказини ишга тушириш;

- ШҲТ Минтақавий аксил-террористик тузилмаси фаолияти самарадорлигини ошириш;

- Термиз шаҳридаги Афғонистонга инсонпарварлик кўмаги махсус жамғармаси тўғрисида;

- ШҲТ бренди остида қўшимча форматларни ўрнатиш (Ректорлар форуми, Маданият кунлари, Ҳунармандлар фестивали);

- 2023 йилни ШҲТда Туризм йили деб эълон қилиш.

Юқорида келтирилган жаҳон аҳамиятига молик салмоқли ишлар юзасидан илгари сурилган ташаббуслар, энг аввало, Ўзбекистон жаҳонда ўзининг мустаҳкам позициясига эга барқарор мамлакат эканини кўрсатиб берди. Бинобарин, дунёнинг дардини ўйлаш ва унинг хотиржамлиги борасида қайғуриш - ўзининг барқарорлигига тўлиқ ишонган, ва шунинг баробарида, жаҳондаги барқарорлик учун ўзини масъул деб билан давлатгагина хос бўлган хусусиятдир.

Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида барча манфаатдор давлатларни глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб этиш, келишилган ёндашув ва ечимларни излаш, ишончни тиклаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва башорат қилиб бўлмайдиган ҳолатларни бартараф этишдан иборат.

Буларнинг барчаси, пировардида, глобал сиёсий-иқтисодий вазиятни, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш баробарида уларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади, бу эса инсоннинг тинч ва бунёдкорлик тараққиёти истиқболлари учун шароит яратади.

Юқорида келтирилаётган ташаббуслар жаҳонга янги тараққиёт мезонларини  таклиф этмоқда. Ва бунда Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд  ўзининг айнан Амир Темур ҳукмронлиги давридаги позицияларини тикламоқда. Жаҳонни илму маърифат, тараққиёт, юксак ғоялар сари етаклаган улуғ бобокалонимизнинг оламшумул мақсадини рўёбга чиқаришнинг асосий тамойиллари янги шаклларда намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммит ўтказиладиган жойни танлаш масаласига тўхталар экан: “Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин”, - деб ёзган эди ўз мақоласида.

Бу сўзлар тасодифий эмас. Дарҳақиқат, Самарқанд Темурийлар салтанатининг қадимий пойтахти бўлиб, у XV асрда ҳозирги Шинжон – Уйғур автоном вилоятидаги Суриядан Қашқаргача бўлган Ўрта Осиёнинг улкан ҳудудларини ўз ичига олган бўлиб, шарқдаги Иккинчи Ренессанснинг бунёд бўлишида марказий ўринни эгаллаган.

ШҲТ да қабул қилинган Самарқанд декларацияси эса жаҳон тараққиёти, унинг хавфсизлиги ва барқарорлиги учун хизмат қилувчи улкан салмоқли ҳужжат бўлиб, унда белгиланган вазифаларнинг баражарилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг дўстона ҳамкорлигини йўлга қўйиб, кўп йиллар бирдамликда энг ёруғ ва эзгу ниятли истиқбол учун ўзаро ҳамжихатли ҳамкорликка чорлайди. 

 

 

 

Ойдин Абдуллаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 “Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари”

қўмитаси аъзоси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+