Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти тарихидаги янги саҳифа – мўъжизавий “Самарқанд руҳи”

19.09.2022 12:09:52

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Ш. Мирзиёев бошчилигида Самарқандда ташкил этилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити нафақат ташкилот, балки бутунжаҳон тарих зарварақаларида инсониятнинг келажак ривожланиш йўналишини белгилаб берган муҳим тадбир сифатида муҳрланди.

Дарҳақиқат, 2001 йилда Марказий Осиёдаги вазиятни барқарорлаштириш, давлатлар орасидаги дўстлик ҳамда сиёсий, минтақавий, иқтисодий, илмий ва гуманитар йўналишлардаги шерикчилик алоқаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ШҲТ, бугунги кунга келиб дунёнинг салкам ярим аҳолисининг фаровон ҳаётини кафолатловчи бирлашмага айланди.

Дунё миқёсида содир бўлаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” даврида шундай катта ташкилотнинг раислиги Ўзбекистонга, хусусан Президентимизга ишониб топширилганлиги, Ш. Мирзиёев бошчилигида мамлакат халқаро майдонда мутлақо бошқа ўринга чиққанлиги ҳамда конструктив мулоқот ўтказиш, умумий муаммоларни ҳал этиш йўлларини ҳамкорликда излаш бўйича муайян муваффақиятли сиёсий ва дипломатик тажриба орттирганлиги тасдиғидир.

Глобал даражада ўзаро ишончнинг таназзулга юз тутаётгани даврида, минтақавий яқинлашув, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини яратишга қаратилган “Самарқанд руҳи”ни шакллантириб, бутун инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган глобал иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемия оқибатлари, иқтисодий номутаносиблик ва ижтимоий кескинликлар,  энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларига эътибор қаратилиши зарурлигини саммит давомида Ш. Мирзиёев томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида, “Самарқанд руҳи” тамойилларига шерик бўлган ҳар бир томон учун доимий очиқ майдончага айланиши кутилаётган, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш, мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган Самарқанд бирдамлик ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилди.

Шу билан бирга, 14 та мамлакат раҳбарлари ва 10 та ҳалқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этган ушбу саммит тарихий натижани қайд этди. ШҲТ мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, транспорт йўлакларини такомиллаштириш, агроинновациялар, ишлаб чиқаришни технологияларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш ва бошқа долзарб йўналишларни қамраб олган 40 дан ортиқ хужжат имзоланди ва “йўл хариталари” тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, ушбу қарорларнинг кўп қисми Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилган ва ШҲТ тарихида бундай йирик ва кўп томонлама қарорларнинг қабул қилиниши тарихий воқеа ҳисобланади.

Йиғилиш якунида иштирокчи давлатларнинг муҳим иқтисодий, минтақавий ва глобал муаммоларни ўзида мужассам этган тарихий хужжат – Самарқанд декларацияси имзоланди. Ушбу декларация барқарор иқтисодий ўсишни, минтақавий хавфсизликни, ҳалқаро транспорт алоқалари ва конструктив мулоқотни ривожлантириш қадамларини аниқ белгилаб беради.

 

Дилшод Хамзаев,

Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+