Солиқ кодексига қандай ўзгартишлар киритиляпти?

03.05.2021 16:05:06

2021 йил йил 3 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Лойиҳа билан виждон эркинлигини таъминлаш ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари ушбу соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, диний таълим муассасаларидаги профессионал диний таълим олиш, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Шунингдек, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминлашнинг кафолатлари, шу жумладан диний ташкилотлар давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг диний ташкилотлар ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этиляпти.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши масалаларига эътибор қаратиб, бу борадаги қоидаларни янада соддалаштириш ва қулайликлар яратиш таклифларини илгари сурдилар. Шунингдек, жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишида тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидлаб ўтишганидек, таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришга, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга бориш истагини билдирадиган ОТМ битирувчилари сонини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик имтиёзлар ҳамда Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида белгиланадиган давлат дастурларида иштирок этаётган фуқароларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилади.

Хусусан, Солиқ кодексининг 369-моддасига киритилаётган қўшимчаларга биноан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида аниқланадиган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавр ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил давомида қабул қилинган ходимларга тўланадиган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайдиган даромадлари тоифасига киритилади. Депутатлар эътироф этганидек, бу имтиёзлар битирувчиларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, жойлардаги кардларга бўлган эҳтиёжнинг муайян даражада қондирилишига ҳам хизмат қилади.

Шунингдек, кодексининг 483-моддасига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда. Унга кўра 2021 йил 31 декабргача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар фойда солиғи ставкалари белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтириб ҳисобланган ҳолда тўлаши, ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаши, юридик шахсларнинг мол-мулкидан олинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда. Бу қўшимчалар соҳага пандемиянинг салбий таъсирини юмшатиб, ички ва зиёрат туризмини ҳам янада ривожлантиришига замин яратади.

Фракция аъзолари томонидан лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди ҳамда айрим нормаларни қонун техникасига мувофиқлаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидаг фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+