Стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлашга аниқликлар киритилди

16.09.2020 11:09:08

 

Мамлакатимизда виждон ва диний эркинликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари устувор вазифа этиб белгиланган. Шу мақсадда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 дан ортиқ ҳалқаро хужжатларга, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий шартнома ва 4 та Факультатив протоколига қўшилиб, уларнинг бажарилишига алоҳида эътибор қаратиб келинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида юқорида таъкидлаб ўтилган устувор вазифаларга эътибор қаратилиб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Депутатлар лойиҳани қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганлигини эътироф этишди. Айниқса, халқаро меъёрлар талаблари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингангани лойиҳанинг янада мукаммалигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Лойиҳа билан виждон эркинлигини таъминлаш ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиш, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиш ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Шунингдек, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан диний ташкилотлар томонидан  юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари бўйича судга мурожаат қилинганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилганидек, бугунги ахборот асри талабларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилаётгани, айниқса рўйхатга олишда маҳалла иштироки ёки ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш ва бошқа тартиблар бекор қилинаётгани, айрим нормалар соддалаштирилаётгани соҳада бюрократик тўсиқларга барҳам бериш билан бирга қатор қулайликларни келтириб чиқаради.

Фракция депутатлари қонун лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши масалаларига эътибор қаратиб, бу борадаги қоидаларни янада соддалаштириш ва қулайликлар яратиш таклифларини илгари сурдилар. Шунингдек, жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Депутатлар томонидан партия сайловолди дастурида  адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун деб белгиланган тамойилидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган, диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини қонун лойиҳасида акс эттириш лозимлиги таъкидланди ва лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, стратегик режалаштириш ҳужжатларини ҳамда уларни амалга оширишда жамиятнинг турли соҳалари, жумладан узоқ муддатли ёки ўрта муддатли характерга эга бўлган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги мақсадлар, устуворликлар ва уларга эришиш бўйича вазифаларни аниқлашга хизмат қилувчи «Стратегик режалаштириш тўғрисида»ги  қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда республикамизда ҳудудий ва тармоқ дастурий ҳужжатларини ишлаб чиқишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзаро ҳамкорлиги мавжуд эмас ҳамда давлат прогнозлари, концепциялари ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг сифатли бажарилишини назорат қилишда парламент ва жамият иштироки чекланган.

Шу мақсадда мазкур лойиҳада соҳалар, тармоқлар ва мамлакат ҳудудлари ривожланишига таъсир этувчи ички ва ташқи омиллар, тенденциялар, имкониятлар ҳамда чекловларни аниқлаш ва таҳлил қилиш шунингдек, соҳалар, тармоқлар ва ҳудудлар ривожланишининг мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари ва прогноз кўрсаткичларини белгилаш, уларга эришишнинг йўллари ва усулларини танлаш ва бошқа масалалар белгиланмоқда.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, қонун лойиҳаси орқали стратегик режалаштиришнинг илмий-услубий, ахборот ва ресурс таъминоти, режаларни амалга ошириш ҳолатини мониторинг қилиш тизими- мамлакатнинг тизимли ривожланишига хизмат қилади.

Депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида билдирилган қатор таклифлар инобатга олингани айтиб ўтилди. Хусусан, фракция ташаббуси асосида қонун лойиҳасидаги моддалар жойлашуви қайта кўриб чиқилди, асосий тушунчаларда берилган нормаларнинг аксарияти моддаларга кўчирилди, ваколатли органлар ваколатларига аниқликлар киритилди ва мувофиқлштирилди, шунингдек, стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш масалаларига аниқликлар киритилди, айниқса соҳада ахборот технологияларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратилди.

Депутатлар, шунингдек, очиқлик ва шаффофлик масалаларига, стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоат бирлашмалари, илмий ва бошқа ташкилотлар ўрнини белгилаш, ҳукумат ваколатларига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциялари ва стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни қўллаш масалаларини киритиш масалаларини ҳам кўриб чиқиш таклифини илгари сурдилар.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклифлар илгари сурилди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+