Судлар тизимида “ягона дарча” тамойили кенг жорий этилади

26.07.2022 10:07:52

2022 йил 25 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳаси билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал кодексларига, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса, далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этиши белгиланмоқда.

Шунингдек, судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, жумладан судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш каби процессуал нормалар ўз аксини топмоқда.

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади. Киритилаётган ўзгартишларни фракция аъзолари бир овоздан маъқуллаб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

Йиғилишида шунингдек, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, юртимиздаги ислоҳатларнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+