Тадбиркорлар учун маъмурий ва солиқ юки камайтирилиб, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади

16.09.2021 19:09:50

Барчамизга маълумки, жорий йилининг 20 август куни мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мазкур учрашувда 10 мингга яқин тадбиркор иштирок этиб, улар томонидан соҳанинг тараққиётини таъминлаш мақсадида билдирилган 15 мингдан ортиқ таклиф муҳокама қилинди.

Жумладан, учрашувда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши бўлиб улгурганлиги, сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди. Дўстона мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашув давомида тадбиркорларнинг кўплаб таклиф ва ташаббуслари инобатга олиниб яқин орада уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи яна бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши маълум қилинган эди.

Хусусан, учрашувда Президентимиз томонидан тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қуввотлаш борасида илгари сурилган ташаббусларнинг иккинчи йўналиши сифатида солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришга оид таклифлар илгари сурилган эди. Куни кеча қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони тадбиркорлар томонидан узоқ вақтдан бери кутилган ҳужжат бўлди.

Мазкур ҳужжат билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва “Солиқчи – кўмакчи” тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича бир қатор ҳаётий чора-тадбирлар белгилаб берилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти ҳамда алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ва чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқлар бекор қилинмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгилаб берилмоқда. Бу ўз навбатида, якка тартибдаги тадбиркорларга пандемия даврида дуч келган муаммоларини тезроқ енгиб ўтишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, 2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри тизими жорий қилинади. Бунда мазкур реестр давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасидаги соҳалар бўйича белгиланган тартибда тақдим этган мажбурий талаблар рўйхати асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади. 2022 йил 1 январдан бошлаб эса, назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини фақатгина белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текшириш ваколатига эга бўлади ва ушбу текширув жараёнида Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари ҳам иштирок этади.

Қувонарлиси, бу каби ҳаётий чора-тадбирлар билан биргаликда, 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади. Натижада, бугунги кунда минглаб тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келаётган бюрократик тўсиқлар тўлақонли бартараф этилади.

Жумладан, индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади.

Ушбу назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар амалга оширилган назорат тадбирлари таҳлилини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар Индекс натижалари тўғрисидаги ахборотни ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, фармонда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг тадбиркорлик соҳасига тадбиқ этилиши, тадбиркорларга ўз фаолиятларини юритишни енгиллаштириб, бизнеснинг қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллашишига хизмат қилади.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+