Тадбиркорлар учун қулай молиялаштириш тизими йўлга қўйилади

28.08.2022 00:08:35

Бугун дунё саҳнасида барча геосиёсий вазиятларда бўлгани каби, тадбиркорлик соҳасида ҳам янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш шаклланиб бормоқда. Айниқса, бу жараён пандемия таъсиридан кейинги тикланиш жараёнларида яққол кўзга ташланмоқда.

Мисол учун, кўпчилик ривожланган давлатлар иқтисодиёти, у ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик соҳалари ўз вақтида эҳтимолий таъсирларга қарши чора-тадбирлар амалга оширилмаганлиги боис ҳамон қийин аҳволда қолмоқда.

Ўзбекистонда қанчалик оғир бўлмасин пандемиянинг оғир даврида ҳам мамлакатда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бошланган ислоҳотлар изчил давом эттирилди. Хусусан, уларга бир қатор солиқ имтиёзлари қўлланилиб, қарздорликларини тўлаш муддатлари кечиктирилди ва давлат субсидиялари ажратилди.

Жумладан, 2021 йил 20 август куни мамлакатимиз тарихида илк бор далват раҳбари ва тадбиркорларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди. Ушбу мулоқотда сўнгги 4-5 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитларнинг яратилгани, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилганлиги эътироф этилган эди.

Шу билан бирга, соҳани айнан унинг ичида юрган мутахассислар фикри ва таклифлари асосида ривожлантириш учун бу каби мулоқотлар мунтазам равишда ташкил этиб борилиши белгиланган эди. Яқинда Президентимизнинг навбатдаги анашундай тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўтказилди.

Ушбу мулоқот жараёнида ҳам ўтган бир йиллик вақт давомида тадбиркорлар ҳамда соҳа экспертлари томонидан билдирилган эътироз ва таклифлар чуқур ўрганиб чиқилиб, уларга солиқ сиёсатида имтиёзлар қўллаш, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратиш, кредит ажратиш, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ бир қатор имтиёзларни назарда тутувчи бешта йўналиш белгилаб берилди.

Жумладан, тадбиркорлар учун 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши, 2022 йил 1 июлдан бошлаб, бўш бино ёки фойдаланилмаётган ер участкасига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллаш бекор қилиниб, тадбиркорларнинг шу тарзда илгари ошириб ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан воз кечилиши маълум қилинди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар учун қулай молиялаштириш тизимини йўлга қўйишга қаратилган бир қатор молиявий ресурслар ажратилиши таъкидланди. Хусусан, кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилиб, бунга қўшимча тарзда тижорат банкларига халқаро молия институтларидан ҳам маблағлар жалб этилади.

Шунингдек, тадбиркорлик жамғармаси томонидан кафиллик бериш имкониятлари қўшимча 2 баробарга оширилиб, камида 15 минг нафар тадбиркорнинг кредит олишдаги гаров масаласи ҳал этилади. Албатта, бу айтилишидан камсонли тадбиркорлар учун яратилган шароит бўлиб кўриниши мумкин. Аммо, ушбу ажратилиб бериладиган кредит орқасидан минглаб иш ўринлари яратилиши ҳисобга олинса, келгусида кўплаб оилалар даромади ошиб мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Энг муҳими, ушбу мулоқотда билдирилган ташаббуслар қайси ҳудудда фаолият кўрсатишидан қатъий назар ҳар бир тадбиркор учун бир хил имтиёз ва қулайликлар яратиб беришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Жумладан, 2023 йилдан шарт-шароити бўйича барча туман ва шаҳарлар 5 та тоифага ажратилади. Уларда солиқ, субсидия, кредит фоизлари учун компенсация ва кафиллик бериш, инфратузилмага улаш бўйича алоҳида тартиблар белгиланади.

Ерни хусусийлаштириш учун белгиланган сумма, яъни ер солиғининг 20 карраси миқдоридаги тўлов Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 10 каррага, бошқа ҳудудларда 5 каррага пасайтирилади.

Яна бир йўналиш бу — тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояси борасидаги ташаббус. Эндиликда ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш, тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйишни фақат суд ҳал қилиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайтирилиб, маъмурий судларга ариза беришда давлат божи ставкаси 2 баробар камайтирилиши, тадбиркорларнинг солиқ идоралари қарори устидан судга шикоят киритиш муддати эса ҳозирги 1 ойдан 3 йилгача узайтирилиши белгиланди.

Шу билан бирга, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. 2023 йилдан 26 та идоранинг такрорланувчи назорат функциялари бекор қилиниб, барча турдаги текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши, жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмаслиги белгиланди.

Ўйлайманки, бу каби соҳа вакиллари билан бўлиб ўтаётган дўстона мулоқотларнинг мунтазамлик касб этиб бориши, тадбиркорларнинг ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, нафақат ички бозорда халқимиз истак ва хоҳишига муносиб бўлган товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришга, шу билан бирга жаҳон бозорида ҳам Ўзбекистон номидан ўз сўзини айтишида улкан куч бағишлайди.

 

 Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+