“Ташаббусли бюджет” лоийҳасини бир йилда тўртмаротаба ўтказиш юқори самара бериши мумкин

09.10.2022 15:10:55

Маълумки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантиришга қартилган бир қатор мақсад ва вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида маҳаллалар ваколатларини кенгайтириш, уларнинг молиявий мустақиллигини кучайтириш, фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш каби устувор мақсад ва вазифалар шулар жумласидандир.

Ушбу мақсадлар доирасида ўтган қисқа вақт ичида маҳалла бошқарувида юқоридаги каби имкониятларни тадбиқ этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари штатлари жорий этилиб, бир қатор янги механизмларнинг ишга туширилиши ва тўпланган билим ва тажрибамиз бугун ушбу ислоҳотларни янада кенгроқ жорий этиш лозимлигини кўрсатиб бермоқда.

Хусусан, бунга яна бир мисол тариқасида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини айтиб ўтиш мумкин. Сабаби, ушбу лойиҳа доирасида фуқаролар бевосита ўз ташаббуслари билан минглаб маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал этилиб турмуш фаровонлиги яхшиланмоқда.

Бу эса, аҳолимизни бир мақсад йўлида бирлашиб, бамаслахатлашиб ҳаракат қилишга ундамоқда. Шунингдек, яқин вақтларгача ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВлар орқали ҳудудлардаги қурилиш ва ободонлаштириш билан боғлиқ ҳолатларда Давлат бюджети маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, ортиқча талон-тарож қилиниши билан боғлиқ аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатлар кўп учраган бўлса, эндиликда ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ўз вақтида ва самарали сарфланиши аҳоли ва жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Шу боис, 2021 йилда фуқаролар ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида лойиҳа доирасида 530 млрд.сўм ажратилган бўлса, 2022 йилга келиб ушбу маблағ суммаси 2,5 трлн.сўмга оширилди. Биринчи ярим йиликда лойиҳа доирасида мамлакатимиздаги 4 мингдан ортиқ маҳалла фуқаролари фаол иштирок этган бўлса, иккинчи ярим йилликда лойиҳа иштирокчилари сони икки бараварга кўпайди.

Қувонарли томони ушбу ҳафтада Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳам лойиҳа доирасида фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги эътироф этилиб, келгуси йилда ушбу маблағлар кўрсаткичини 3,5 бараварга ошириб 8 трлн.сўмга етказилиши маълум қилинди.

Албатта, бугун ҳудадларнинг замон қиёфасига мос ҳолатда ўзгаришига эришиш у ерларда аҳоли учун қулай бўлган инфатузилмани яратиш нафақат “Ташаббусли бюджет”  лойиҳаси орқали, шу билан бирга, Давлат дастурлари доирасида ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йилги дастурлар доирасида 4 минг 100 та маҳаллани обод қилиш, болалар боғчаси, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилган.

Утган вақт давомида 434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланди. 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилди. 34 та янги мактаб барпо этилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди, уларда қўшимча 78 минг нафар ўқувчи таълим олишига имконият яратилди. Шунингдек, 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Албатта, бундай дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фуқаролар билан ўтказилган юзма-юз мулоқотлар ва ўрганиш натижалари муҳим аҳамият касб этади. Маълумот ўринда айтиб ўтиш керакки, бугун ҳудудлардаги аҳолини ўйлантириб келаётган муаммолар нафақат биз каби халқ вакилларининг сайловчилар билан ўтказган мулоқотлари, сектро раҳбарларининг сайёр қабуллари орқали шу билан бир қаторда, Республика даражасида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари доирасидаги таклифлар асосида шакллантирилиб ҳал этилмоқда.

Жумладан, ушбу ишчи гуруҳ томонидан юртимиздаги 9 минг 370 та маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш жараёнларида йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр таъминоти, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала кўтарилган бўлиб, йиғилишда ушбу муаммолар ечимини ўз ичига олган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, 4 минг 979 та маҳаллада режалаштирилган 5 минг 695 та қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари учун “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1 триллион 700 миллиард сўм йўналтирилиши айтилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади.

Шунингдек, йиғилишда аҳоли талабларини қаноатлантириш ва маҳаллаларни обод қилиш мақсадида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси янада кенгайтирилиб, 342 та маҳалладаги 2 мингтадан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, аҳоли саломатлиги муҳимлигини инобатга олиб, маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига йўналтирилиши айтиб ўтилди. Яна бир янгилик – ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Ҳар бир вилоятнинг солиқ ундирилиши паст бўлган биттадан туманида, тажриба тариқасида, аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бундан тушган маблағ “Маҳалла бюджети”да қолади.

Албатта, бу каби имкониятлар маҳалла институти фаолияти самарадорлиги янада ортишига хизмат қилиши шубҳасиз. Аммо, ажратилаётган маблағлар ортиб бораётганлиги ҳамда фуқароларнинг муаммоли масалалар юзасидан қаршлари турфахил эканлигини ҳисобга олган ҳолда “Ташаббусли бюджет” лоийҳасини бир йилда икки марта эмас, тўрт марта ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Боиси, фуқароларга етарли даражадаги маблағ билан бир қаторда, муаммоларни ўз маҳалладошлари билан бамаслаҳатлашган ҳолда энг тўғри танловни амалга оширишлари учун кенгроқ имконият яртиб беришимиз даркор.

 

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+